Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Мирзиёевни Янги йил билан табриклади
10:00 30.12.2023 (янгиланди: 10:15 30.12.2023)
© Посольство РФ в УзбекистанеПосол России в Узбекистане Олег Мальгинов
Oбуна бўлиш
Элчи Ўзбекистон раҳбарига ўтган йилдаги самарали ҳамкорлик учун миннатдорлик билдириб, унинг келгуси йилда ҳам самарали давом этишига умид билдирган.
ТОШКЕНТ, 30 дек — Sputnik. Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов президент Шавкат Мирзиёевни Янги йил билан табриклади, деб хабар қилди Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси.
“Ҳурматли Шавкат Миромонович, сизни Янги йил байрами билан табриклайман! Тугаб бораётган 2023 йил Ўзбекистон учун кенг кўламли воқеаларга бой бўлди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири умумхалқ овоз бериш йўли билан қабул қилинганлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги ишончли ғалабангиз – Янги Ўзбекистонни қуриш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни халқ томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётганини намойиш этди”, - дейилади табрикда.
Унга кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги конструктив ва тенг ҳуқуқли мулоқот руҳида қурилган муносабатларнинг жадал ривожланиши туфайли 2023 йил Россияда рўй берган муҳим воқеалар билан ажралиб турди.
“Россия Федерациясига ташрифингиз сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда мулоқот ва тажриба алмашишни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқадиган қатор муҳим шартномалар имзоланди, тадбирлар режалаштирилди. Ишончим комилки, 2024 йилда биз интенсив ва ишончли сиёсий мулоқотни давом эттирамиз ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали иқтисодий алоқалар, савдо ва инвестицияни фаол ривожлантирамиз”, — дейилади хабарда.
“Қардош халқларимизни кўп асрлик дўстлик, мустаҳкам маънавий-маданий ришталар боғлаб туради. Келгуси йилда маданият, фан, таълим ва музей иши йўналишларида ўтказилиши режалаштирилган қўшма муҳим тадбирлар умумий қадриятларимизни асраб-авайлашга хизмат қилишига чин дилдан умид қиламан”, - дея таъкидлади Олег Мальгинов ўз табригида.
Элчи Ўзбекистон раҳбарига ўтган йилдаги самарали ҳамкорлик учун миннатдорлик билдириб, унинг келгуси йилда ҳам самарали давом этишига умид билдирган.
“Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович ва яқинларингизга чин қалбимдан мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, эзгу орзуларингиз рўёбини ва фаровонлик тилайман! Янги йил Мустақил Ўзбекистонга қут-барака, тинчлик ва фаровонлик олиб келсин!”, - дейилади табрикда.