Мирзиёев: Маънавият бошқа соҳалардан олдинда юриши керак

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев провел расширенное заседание Республиканского совета по духовности и просветительству
Шавкат Мирзиёев провел расширенное заседание Республиканского совета по духовности и просветительству - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 23.12.2023
Oбуна бўлиш
Давлат раҳбари 9 та йўналишда ўз фикрларини билдириб, муҳим ташаббусларни илгари сурди.
ТОШКЕНТ, 23 дек — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда маънавият ва маданият фаоллари, адабиёт ва санъат намояндалари, шунингдек, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, вазирлар ва ҳокимлар иштирок этди.
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев провел расширенное заседание Республиканского совета по духовности и просветительству
Шавкат Мирзиёев провел расширенное заседание Республиканского совета по духовности и просветительству - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 23.12.2023
Давлат раҳбари бу борада амалга оширилаётган ишларни қайд этиб ўтди. Бу йил ижтимоий соҳага энг кўп – 134 триллион сўм маблағ ажратилди. Бу – 2016 йилга солиштирганда 5,6 баробар зиёд.
Бугун жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари шиддатли тус олгани, ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Ўзбекистонда ҳам сезилаётгани қайд этилди.
“Тарихдан маълум: Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур”, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Маърифатпарвар боболар ғояларини ўрганиш ва ривожлантириш бўйича Президент қарори қабул қилиниши белгиланди. Шунингдек, Бухородаги тарихий масканда Жадидлар мероси давлат музейи очилади, “Жадид” номли янги газета ташкил этилади.
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев провел расширенное заседание Республиканского совета по духовности и просветительству
Шавкат Мирзиёев провел расширенное заседание Республиканского совета по духовности и просветительству - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 23.12.2023
Йиғилишда давлат раҳбари 9 та йўналишда ўз фикрларини билдириб, муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Аввало, маънавият ва маданият соҳаси учун методик асос бўлиб хизмат қиладиган миллий ғояни ривожлантириш бўйича алоҳида дастурий ҳужжат ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди. Баъзи гуруҳлар орасида диний қарашларни Конституция ва қонунларга қарши қўйиш, дунёвий қадриятларни ҳаром деб билиш ҳолатлари афсус билан қайд этилди. Таълим тизимига қаратилаётган эътибор изчил давом эттирилади. Бу борада ҳам тенглик таъминланиши, хусусан, қиз болаларнинг ўқиши ва касб-ҳунар эгаллаши жамият ривожида муҳим экани алоҳида таъкидланди.
Иккинчидан, маданий-маърифий соҳадаги ишларда ҳокимларнинг масъулияти оширилади. Туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат масканлари ишга туширилади.
“Бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак”, – деди президент.
Шу мақсадда, Сурхондарё вилоятида билдирилган таклиф асосида ҳудудлардаги 4 та секторга қўшимча равишда маънавият сектори ташкил этилиши маълум қилинди. Улар жойлардаги Маънавият ва маърифат кенгашларининг ишчи тузилмаси сифатида фаолият кўрсатади.
Учинчидан, театр санъатини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилади. Унда энг яхши пьесалар учун ижодий буюртма бериш, ижодий ва ёрдамчи ходимларнинг чет эл театрларида маҳоратини ошириш, ёш режиссёрларни қўллаб-қувватлаш учун Маннон Уйғур номидаги мукофот таъсис этиш кабилар назарда тутилади. Корхона ва муассасаларда ойнинг бир куни “Театр куни” деб белгиланиб, ходимларнинг театрларга бориши йўлга қўйилади.
Тўртинчидан, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказишда 837 та маданият марказининг фаолияти жуда муҳим. Уларда 4 мингга яқин тўгарак фаолият кўрсатмоқда, 120 мингдан ортиқ ёшлар шуғулланмоқда. Лекин айрим марказлар ўз биносига эга эмас, жами 8 мингта мусиқа анжомига эҳтиёж бор. Бу борада ҳокимларга кўрсатмалар берилди. Шунингдек, келгуси йилдан ҳар бир туманда саҳнали зал, кутубхона, кинозал ва тўгарак хоналари бўлган биттадан маданият маркази фаолияти йўлга қўйилади. Жойлардаги 600 дан зиёд бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг моддий-техник базасини яхшилаш бўйича дастур қабул қилиниб, бунга 100 миллиард сўм йўналтирилади.
Бешинчидан, мақом ва бахшичилик санъатини илмий асосда ўрганиш ва ривожлантириш кучайтирилади. Яна бир муҳим янгилик – мақом, катта ашула, бахшичилик, атлас ва адрас, кулолчилик ва заргарлик каби анъаналарни давом эттирадиган мактаблар яратилади.
Олтинчидан, мусиқа ва рақс санъати ривожи қўллаб-қувватланади. Жумладан, “Баҳор” рақс ансамбли илгари Филармония жойлашган машҳур санъат саройида фаолият юритади. Таниқли ашула ва рақс ансамблларининг хорижга гастроль сафарлари кўпайтирилади. Мусиқа ва рақс санъати масалаларини илмий ўрганиш, соҳада илмий кадрларни кўпайтириш мақсадида илмий тадқиқотлар учун грантлар жорий қилинади. Шунингдек, Тошкент давлат цирки биноси таъмирдан чиқарилади.
Еттинчидан, халқаро майдонда ўзбек маданий дипломатияси кенгайтирилади. Келгуси йили Тошкентда жаҳон креатив иқтисодиётига бағишланган конференция, Нукусда эса “Орол маданияти” халқаро илмий анжумани ўтказилади. Музейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича етти йиллик дастур қабул қилинади. Тарих музейи ҳамда Санъат музейининг янги бинолари барпо этилади. Темурийлар тарихи ҳамда Табиат музейларининг экспозицияси янгиланади. Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи капитал таъмирланади.
Саккизинчидан, кино соҳаси ривожлантирилади. Бу борада “Тирик тарих” сериясида Ватаннинг шонли ўтмишига бағишланган фильмлар яратиш дастури ишлаб чиқилади. Бунга хорижий ижодкорлар, кинокомпаниялар ҳамда инвесторлар ҳам жалб этилади. Кинони иқтисодиёт билан уйғун ривожлантириш мақсадида Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида “эркин иқтисодий киноҳудудлар” барпо этиш вазифаси қўйилди. Миллий сериаллар бўйича мавжуд тизимни тубдан ислоҳ этиш, уларни ғоявий-бадиий ва техник жиҳатдан жозибали даражага етказиш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун IT-парк каби эркин иқтисодий зона – “Cinema park” ташкил қилиш ташаббуси илгари сурилди.
Тўққизинчидан, тасвирий ва амалий санъат соҳасини ривожлантириш бўйича дастур қабул қилинади. Жумладан, Марказий кўргазмалар зали реконструкция қилиниб, жиҳозланади. Бадиий фонд ҳудудида замонавий галерея биноси қурилади ҳамда 40 та ижодий устахонадан иборат Ёш рассомлар маркази ташкил этилади. Хаттотлик ва миниатюра санъати таълимини амалиёт билан боғлаш мақсадида миллий усулда қоғоз тайёрлаш устахонаси ташкил этилади. Соҳада таълим сифатини яхшилаш, мусиқа ва санъат мактаблари муаллимларининг ойлигини ошириш, ушбу мактабларнинг коммунал харажатларини бюджетдан қоплаш бўйича таклифлар билдирилди.
Давлат раҳбари ўзбек тилини ўқитиш самарасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Миллий сертификатга эга бўлган “Ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчиларига келгуси ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланиши қайд этилди.
Жамиятда китобхонлик маданиятини ошириш қўллаб-қувватланади. Ижодий буюртмалар, муаллиф ва таржимонларга қалам ҳақи кўпайтирилади. Нашриёт ва матбаа корхоналарининг молиявий имкониятларини кенгайтириш мақсадида 5 йилга солиқлардан озод қилинади.
Президент таржима санъатининг аҳамиятига тўхталиб, бундай меҳнатни муносиб рағбатлантириш учун Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш ташаббусини илгари сурди.
Интернет адабиётини ривожлантириш ҳам муҳимлиги таъкидланиб, шу мақсадда адабиёт, кино, тарих, санъат, фольклор намуналарини қамраб олган “Ўзбек маданияти” порталини яратиш вазифаси қўйилди.
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев провел расширенное заседание Республиканского совета по духовности и просветительству
Шавкат Мирзиёев провел расширенное заседание Республиканского совета по духовности и просветительству - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 23.12.2023
Йиғилишда шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат намояндалари, соҳа мутасаддилари ўз фикр ва таклифларини билдирди.
Янгиликлар лентаси
0