Ўзбекистон фармацевтика соҳасига машҳур брендларни жалб этади — тафсилотлар
09:00 29.11.2023 (янгиланди: 11:12 29.11.2023)
© Sputnik / Сергей Пятаков
/ Oбуна бўлиш
Республикада йилига 1,6 млрд долларлик дори-дармон истеъмол қилинади.
ТОШКЕНТ, 29 ноя — Sputnik. Ўзбекистон фармацевтика соҳасига машҳур брендларни жалб этишни режалаштирмоқда, дея хабар берди президент матбуот хизмати.
Президент Шавкат Мирзиёев фармацевтика ва электротехника саноатида ишлаб чиқаришни янада қўллаб-қувватлаш, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
© Пресс-служба президента УзбекистанаФармацевтика ва электротехника саноатидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди
Фармацевтика ва электротехника саноатидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди
© Пресс-служба президента Узбекистана
Қайд этилишича, охирги олти йилда фармацевтика соҳасида ишлаб чиқариш 3 баробар, экспорт 6 баробар кўпайган. 525 миллион долларлик 177 та лойиҳа ишга тушиб, жами 50 мингта иш ўрни яратилган.
© Пресс-служба президента УзбекистанаФармацевтика ва электротехника саноатидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди
Фармацевтика ва электротехника саноатидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди
© Пресс-служба президента Узбекистана
“Лекин бу ҳали мавжуд имконият ва талаб даражасида эмас. Масалан, юртимизда йилига 1,6 миллиард долларлик дори-дармон истеъмол қилинади. Бунда маҳаллий маҳсулотларимизнинг улуши бор-йўғи 18 фоиз, қолгани импорт ҳисобидан қопланаяпти”, – дейилади хабарда.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда бу соҳага катта кўмак ва маблағ берилди, фармацевтика зоналари ташкил этилди.
“Лекин бундан тўла фойдаланилмаяпти. Маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, тадбиркорлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг маҳсулотлари харидоргирлигини таъминлаш керак. Бунинг замирида қанча иш ўрни, қанча одамларнинг розилиги бор”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бу борада хориж тажрибасини ўрганиш, машҳур брендларни мамлакатга жалб этиш муҳимлиги таъкидланди. Жумладан, энг кўп истеъмол қилинадиган 50 турдаги дорини ишлаб чиқариш орқали маҳаллийлаштириш улушини 35 фоизга етказиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
“Tashkent Pharma Park” кластери қурилишини жадаллаштириш, унга хусусий шерикни жалб этиш зарурлиги айтилди. Шунингдек, фармацевтика корхоналарига “GMP” халқаро стандартига ўтиш ва маркировкалаш тизимини йўлга қўйишда кўмаклашилади.
Умуман, бу соҳада 1,5 миллиард долларлик 173 та лойиҳа шакллантирилган. Уларни молиялаштириш учун 600 миллион доллар йўналтирилади.
Мутасаддилар буларнинг натижасида 2024 йилда 400 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши, 160 миллион доллар экспорт таъминланиши бўйича ахборот берди.
Электротехника саноати
Сўнгги олти йилда бу соҳада 640 миллион долларлик 224 та лойиҳа ишга туширилган. Бу йил якунида экспорт 1 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, мамлакат йилига 800 миллион долларлик электротехника товарлари импорт бўлмоқда. Умуман олганда, минтақада 3 миллиард долларлик бозор бор.
Бунда муносиб ўрин эгаллаш учун нуфузли брендлар билан ҳамкорлик ўрнатиб, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш зарурлиги қайд этилди. Келгуси йилга мўлжалланган 2 миллиард долларлик 141 та лойиҳада бунга алоҳида эътибор қаратилади.
“Жорий йилда 2 гигаватт, 2024 йилда яна 4 гигаватт қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилади. Уларга жуда кўп кабел, генератор, инвертор, трансформаторлар зарур. Бу маҳсулотларни маҳаллийлаштириб, халқаро сифат сертификатлари олиш вазифаси қўйилди”, – дея қайд этилди.
Соҳада илғор технология, инновация ва халқаро стандартларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар йўналтирилиши белгиланди.
Мутасаддилар келгуси йилда ишлаб чиқаришни 20 фоизга ошириш, мисни қайта ишлаш ҳажмини 140 минг тоннага олиб чиқиш режаларини баён этди.
Шунингдек, экспортни 1,5 миллиард долларга, 2025 йилда 2 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги қайд этилди.