Қуруқ портлар: режалар ва ривожланиш истиқболлари – эксперт фикри
© unsplash/Paul TeysenКонтейнерлар. Иллюстратив сурат
Oбуна бўлиш
ЭСКАПТ билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг йирик мультимодал транспорт-логистика марказлари ЭСКАПТнинг қуруқ портлар тўғрисидаги келишуви талабларига мувофиқлиги бўйича инвентаризациядан ўтказилди.
ТОШКEНТ, 13 ноя – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн олтинчи саммитида бир қатор муҳим йўналишларга, жумладан, трансконтинентал транспорт йўлаклари имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга эътибор қаратди.
Бу борада мультимодал логистика марказлари ҳам муҳим ўрин тутади. Уларнинг ривожланиши, хусусан, халқаро мақом берилиши мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун кенг имкониятлар очмоқда.
Ушбу йўналишда қандай ишлар амалга оширилаётгани, қандай режалар тузилаётгани ва ривожланиш истиқболлари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Бекзод Холматов Sputnik мухбирига ҳикоя қилиб берди.
Маълумки, денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар "қуруқ портлар" яратади - бу ўзига хос транспорт логистика маркази бўлиб, унинг ҳудудида сақлаш, қайта ишлаш, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ва ҳаво, темир йўл ва автомобиль транспорти орқали юкларни жўнатиш ташкил этилади.
“Ҳозирда Ўзбекистоннинг йирик мультимодал логистика марказлари денгиз портлари билан асосан темир йўл ва автомобиль коммуникациялари орқали ўз фаолиятини амалга оширмоқда. Навоий ва Термиздаги йирик логистика марказларида темир йўл ва автомобиль ташувларидан ташқари ҳаво транспорти орқали юкларини ташиш ҳам йўлга қўйилган”, - дейди эксперт.
Жаҳон амалиётида халқаро мақомга эга бўлган мультимодал логистика марказлари негизида қуруқ порт яратилади. Айнан ушбу талаб юк ташиш жараёнини ташкил этиш ва халқаро савдога интеграциялашув ёндашувларини соддалаштириш ва унификация қилиш имконини беради. Ўзбекистон икки йил олдин, 2021 йил октябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ижтимоий комиссиясининг (ESCAP) қуруқ портлар тўғрисидаги ҳукуматлараро келишувига қўшилган эди.
"ESCAP билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг йирик мультимодал транспорт-логистика марказларининг ESCAP талабларига мувофиқлигини аниқлаш бўйича инвентаризация ўтказилди. Логистика марказларини ўрганиш натижасида улардан 15 таси ESCAP талабларига мос келиши аниқланди. Уларнинг йиллик юк айланмаси 10,4 миллион тоннани ташкил этади”, — деди Холматов.
Қайд этиш жоизки, ушбу 15 та марказлардан фақат учтаси ("Навоий Карго", Тошкент Карго" ва First Dry Port ) ESCAPнинг қуруқ портлар талабларига тўлиқ мос келади. Қолган 12 таси қисман, бироқ эксперт таъкидлаганидек, айни пайтда ушбу логистика марказларини халқаро реестрга киритиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Транспорт вазирлиги мутахассисларининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда миллий логистика марказларининг халқаро денгиз ва қуруқ портлар билан интеграциялашуви йўқлиги сабабли контейнерларнинг 20-30 фоизи бўш қайтарилмоқда. Шу билан бирга, агар қуруқ порт халқаро мақомга эга бўлса, юкларни жўнатиш учун улардан фойдаланиш учун бир қатор афзалликлар мавжуд.
“Мавжуд келишувларга кўра, Ўзбекистонга денгиз портлари орқали кириб келаётган контейнерларни бошқа давлатларга юк билан жўнатиш мумкин эмас. Масалан, Покистоннинг Карачи денгиз портидан Ўзбекистонга юк билан келган контейнерлар 10 кун ичида Карачи портига қайтарилиши керак. Акс ҳолда юк қабул қилувчи уларнинг қийматини тўлаши керак. ESСAP мутахассислари фикрича, Ўзбекистон халқаро денгиз ва қуруқ портлар билан интеграциялашган тақдирда, транспорт харажатлари 50 фоизга қисқариши мумкин”, - дейди эксперт.
Ўзбекистонда қуруқ портлар транспорт-логистика хизматлари бозори сифатида ривожланмоқда, бироқ олдинда ҳали кўп иш бор, хусусан:
ахборот алмашинувини соддалаштириш ҳамда денгиз ва қуруқ портлар ўртасида интеграцияни таъминлаш учун мўлжалланган UN/LOCODE кодлаш тизимини жорий этиш зарур. Ушбу кодлаш тизими Европа Иқтисодий Комиссияси Котибияти томонидан ишлаб чиқилган ва қўллаб-қувватланади;
аксарият мультимодал транспорт марказларини юк машиналари ва контейнерлар ҳажми ва оғирлигини назорат қилиш учун ускуналар билан жиҳозлаш ва контейнерларни таъмирлаш устахоналари қуриш;
мультимодал транспорт-логистика марказларида йўл инфратузилмасини яхшилаш;
реал вақт режимида юкларнинг жойлашган жойини аниқлаш тизимлари билан жиҳозлаш;
юк ўтказиш имкониятларини ошириш орқали қуруқ портларнинг самарадорлигини ошириш.
Мутахассиснинг қайд этишича, юқоридаги ишларни амалга ошириш мақсадида Транспорт вазирлиги томонидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, юк жўнатувчиларга имтиёз ва преференциялар бериш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Бу уларнинг логистика марказларини халқаро рўйхатга қўшилишини жадаллаштиришга қизиқишини оширишга хизмат қилади, бу эса ўз навбатида мамлакат транспорт-логистика салоҳиятини янги босқичга олиб чиқади, глобал таъминот занжирлари географиясини кенгайтиради, транспорт-транзит йўлакларини ривожлантиради.