Мирзиёев ИҲТ доирасида савдони соддалаштириш тўғрисида битим қабул қилишга чақирди

© Пресс-служба президента УзбекистанаСаммит Организации экономического сотрудничества в Ташкенте.
Саммит Организации экономического сотрудничества в Ташкенте. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 09.11.2023
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон раҳбарининг сўзларига кўра, тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон кўплаб чеклов ва муаммолар сақланиб қолмоқда.
ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) доирасида савдони соддалаштириш тўғрисида битим қабул қилишга чақирди.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, ўтган йили ИҲТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо кўрсаткичи 85 миллиард долларни ташкил этди. Бу ташкилотга аъзо давлатлар умумий ташқи савдосининг атиги 8 фоизи демакдир.
“Афсуски, имтиёзли савдо битимини тузиш бўйича кўп йиллик уринишлар кутилган самарани бермаяпти. Тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон кўплаб чеклов ва муаммолар сақланиб қолмоқда”, - деди Ўзбекистон раҳбари Тошкентда бўлиб ўтаётган ташкилотнинг саммитида нуқт сўзлаётиб.
Президент бу ҳолатларни очиқ тан олиш ва уларни ижобий томонга ўзгартириш учун вазиятга янгича қараш билан ёндашиш кераклигини таъкидлади.
“Шу муносабат билан экспертларимиз томонидан ишлаб чиқилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни қабул қилишга чақираман”, - деди Мирзиёев.
Ушбу ҳужжатда товар ва хизматлар савдосини енгиллаштириш, техник ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, божхона, фитосанитария ва ветеринария тартиб-қоидаларини рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу чора-тадбирлар орқали 2035 йилга бориб ўзаро савдо ҳажмларини камида икки баробар кўпайтириш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда ИҲТнинг XVI саммити бўлиб ўтмоқда.
ИҲТ минтақавий кўп томонлама тузилма. Минтақа мамлакатлари ўртасидаги яқин савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида 1985 йилда ташкил этилган. Унинг доимий фаолият юритувчи котибияти Теҳрон шаҳрида жойлашган.
Бугунги кунда ташкилотга Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон аъзо. Ўзбекистон 1992 йилда ИҲТ аъзоси бўлган.
Янгиликлар лентаси
0