Келаси йилдан пахта уруғчилиги бўйича янгича ёндашувлар жорий қилинади

© Шерзод АсадовШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 09.11.2023
Oбуна бўлиш
Айтилишича, ҳосилдорлик пастлиги ва таннарх юқорилиги ҳисобига Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида рентабеллик 10-11 фоиздан ошмаяпти.
ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда келгуси йилдан пахта уруғчилиги бўйича янгича ёндашувлар жорий қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган қишлоқ хўжалиги тармоқларида ҳосилдорлик, даромад, иш ўрни ва инвестицияларни кўпайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтилди.
Йиғилиш аввалида дунёдаги зиддиятлар, савдодаги чекловлар ҳамда асосий ҳамкор давлатлардаги девальвация йил бошида белгилаб олинган режаларни ўзгартириб юборгани, бу, айниқса, озиқ-овқат ва тўқимачилик экспортига салбий таъсир қилгани қайд этилди.
Таъкидланишича, вазиятни жиловлашнинг ягона йўли – қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни кескин ошириш ҳисобига таннархни камайтириш, чуқур қайта ишлашга ва қўшилган қиймат яратишга кўпроқ инвестиция жалб қилиш орқали экспортни кўпайтириш ҳисобланади.
Бунинг учун қишлоқ хўжалиги, бутун иқтисодий комплекс соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича янгича ёндашувларни, ташкилий ва молиявий инструментларни жорий қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Бу йил 41 та кластерда ҳосилдорлик 40 центнердан ошган бўлса, 9 тасида 30 центнердан камлиги кўрсатиб ўтилди.
Айтилишича, ҳосилдорлик пастлиги ва таннарх юқорилиги ҳисобига Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида рентабеллик 10-11 фоиздан ошмаяпти.
Шу боис, келгуси йилдан пахта уруғчилиги бўйича янгича ёндашувлар жорий қилинади.
Келгуси йили балл бонитети паст, сув оғир бўлган ва ҳосилдорлиги 30 центнердан ошмайдиган ҳар бир вилоятдаги 1 тадан туманда 70-80 центнердан юқори ҳосил берадиган пахта уруғини четдан олиб келишга рухсат этилади.
Шу билан бирга, 30 центнердан паст ҳосил бераётган навларни экиш тўхтатилиб, улар уруғчилик институтлари томонидан ишлаб чиқилган янги серҳосил навлар билан алмаштирилади.
Қишлоқ хўжалиги вазири ва вилоят ҳокимларига бу бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Янгиликлар лентаси
0