Бердимуҳамедов ИҲТни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини санади

© МанбаСаммит Организации экономического сотрудничества в Ташкенте.
Саммит Организации экономического сотрудничества в Ташкенте. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 09.11.2023
Oбуна бўлиш
Сердар Бердимуҳамедов ташкилотни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари қаторида бизнес, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришни қайд этди.
ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Тошкентда бўлиб ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) саммитидаги нутқида ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини санади, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Сердар Бердимуҳамедов ташкилотни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари қаторида бизнес, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришни қайд этди.
“Биз кичик ва ўрта бизнес орқали ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш, саноат маҳсулотларининг айрим турлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш каби йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга муносиб аҳамият берамиз”, – деди у.
Туркманистон президенти ишбилармонлар учун ҳамкорлик таклифлари, аниқ бизнес лойиҳалари ва бошқа кўплаб маълумотларни ўз ичига олган ИҲТ ахборот порталини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
У, шунингдек, транспорт ва логистика соҳасини ҳамкорликнинг муҳим йўналиши деб атади.
“Шубҳасиз, бизнинг кўп томонлама ҳамкорлигимиз бутун маконни қамраб олган замонавий транспорт тизими мавжуд бўлгандагина чинакам самарали бўлиши мумкин. Транспорт йўлакларининг аҳамияти, шубҳасиз, келажакда янада ортиб боради, шунинг учун биз муҳим инфратузилма объектларини қуриш бўйича ҳамкорликка устувор аҳамият қаратамиз”, - деди у.
Шу муносабат билан Бердимуҳамедов саммит давомида давлат идоралари ва хусусий компаниялар иштирокида транспорт-логистика марказларини яратиш масалаларини кўриб чиқишни таклиф қилди.
Туркманистон раҳбари жаҳон энергетика бозорларининг умумий беқарорлиги шароитида алоҳида аҳамиятга эга энергетикани ҳамкорликнинг учинчи муҳим йўналиши деб атади.
“Биз ҳамкорларни бутун ИҲТ маконини қамраб олувчи энергия манбаларини яратиш учун энергетика операцияларини кенгайтиришга чақирамиз. Айтишим мумкинки, Туркманистон ИҲТ давлатларига табиий газ ва электр энергияси етказиб бериш ҳажмини нафақат мавжуд қувватлар, балки бошқа тизимлар орқали ҳам оширишга тайёр”, - деди у.
Унинг сўзларига кўра, жорий саммит ҳаётий муҳим масалаларни муҳокама қилиш ва ташкилот доирасидаги ҳамкорлик истиқболларини таъминлаш имконини беради.
Тошкентда 7-8 ноябрь кунлари Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг XVI саммити бўлиб ўтмоқда. ИҲТ минтақавий кўп томонлама тузилма бўлиб, унинг мақсади минтақа мамлакатлари ўртасидаги яқин савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашишдир.
Ташкилот 1985 йилда ташкил этилган. Унинг доимий фаолият юритувчи котибияти Теҳрон шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда ташкилотга Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон аъзо. Ўзбекистон 1992 йилда ИҲТ аъзоси бўлган.
Янгиликлар лентаси
0