Коллеж ва техникумларга тавсия этилмаган абитуриентлар вакант ўринларга қабул қилинади

© Давлат тест маркази Тест синовлари
Тест синовлари  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 08.11.2023
Oбуна бўлиш
Вакант ўринларига ўқиш истагида бўлганлар 13 ноябрь кунига қадар профессионал таълим муассасаси маъмуриятига мурожаат қилишлари лозим.
ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Коллеж ва техникумларга тавсия этилмаган абитуриентларни вакант ўринларга қабул қилиш имконияти яратилди. Бу ҳақида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, вазирликининг тегишли буйруғи билан 2023/2024 ўқув йилида my.uzbmb.uz платформаси орқали коллеж ва техникумларда (юридик техникумлар бундан мустасно) ўқиш истагида рўйхатдан ўтган абитуриентларни қабул параметри доирасида мавжуд вакант ўринларга қабул қилиш имконияти яратилди.
Бунда биринчи навбатда, абитуриентлар тест натижалари бўйича баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда қабул қилинади.
Шунингдек, қабул якунлари бўйича шаклланмаган (ўқувчилар сони 12 нафардан кам бўлган) гуруҳларга давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган ўқувчилар аризасига кўра, грант асосида бошқа касб (мутахассислик)га ўзгартириши мумкин.
Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларига тест синовларида иштирок этиб, ўқишга тавсия этилмаган абитуриентлар фақат ушбу техникумдаги мос мутахассислик бўйича вакант ўринларга тўлов-контракт асосида қабул қилинади.
“Ушбу техникумларнинг вакант ўринларига мос мутахассислик бўйича ўқишга даъвогар абитуриент бўлмаган тақдирда, мазкур муассасанинг бошқа мутахассисликлари бўйича ўқишга тавсия этилмаган абитуриентлар қабул қилинишига рухсат берилади”, — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, тиббиёт йўналишидаги мутахассисликларга тавсия этилмаган абитуриентлар бошқа коллеж ва техникумлардаги вакант ўринларга ўқиш учун ҳам мурожаат этишлари мумкин.
Вакант ўринларига ўқиш истагида бўлганлар 13 ноябрь кунига қадар профессионал таълим муассасаси маъмуриятига мурожаат қилишлари лозим.
Янгиликлар лентаси
0