Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қўшимча вазифа юкланди
© Sputnik / Элина БекназароваФВВ
© Sputnik / Элина Бекназарова
Oбуна бўлиш
Вазирликда ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўлими ҳамда бўлинмалари ташкил этилади.
ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. “Ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги президент қарори (ПҚ-357-сон, 06.11.2023 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
Қарорга кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддаларни (маҳсулотларни) сақлаш, ташиш, улардан фойдаланиш ва йўқ қилиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш, шунингдек, ушбу соҳада белгиланган талабларга риоя этилишини назорат қилиш вазифалари юкланди.
Вазирликда, шунга кўра, ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўлими ҳамда бўлинмалари ташкил этилади.
2024 йил 1 январдан:
республикага олиб кирилган ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтказилган кимёвий моддалар ва уларни олиб кирувчи субъектлар тўғрисидаги маълумотлар Божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали Вазирликка реал вақт режимида тақдим этиб борилади;
кимёвий моддалар фақат фавқулодда вазиятларнинг (ёнғинларнинг) олдини олиш ва саноат хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган омборларда сақланишига рухсат берилади.
Республикага кимёвий моддаларни олиб кирувчи субъектлар томонидан божхона расмийлаштирувидан ўтказилган кимёвий моддалар ва уларни сақлаш жойлари тўғрисидаги маълумотларни киритиш имкониятига эга бўлган ахборот платформаси яратилади.
2024 йил 1 январдан Ўзбекистонга кимёвий моддаларни олиб кириш, ташиш, сақлаш, улардан фойдаланиш ва йўқ қилишда белгиланган талабларга риоя этилишини доимий назорат қилишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади, жумладан:
Божхона қўмитаси кимёвий моддаларни божхона расмийлаштирувидан ўтказади ҳамда 1 кун муддатда Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали кимёвий моддалар тури, миқдори ва уларни олиб кирувчи субъект тўғрисидаги маълумотларни Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш ва бошқариш миллий марказига тақдим этади;
кимёвий моддаларни олиб кирувчи субъектлар ушбу моддалар божхона расмийлаштирувидан ўтказилган куннинг ўзида ахборот платформаси орқали кимёвий моддаларнинг сақланадиган жойи (омбор) ҳақидаги маълумотларни Миллий марказга тақдим этади.