Шавкат Мирзиёев ташаббуслари МДҲ иқтисодиётини қандай мустаҳкамлаши мумкин — экспертлар

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.
Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 02.11.2023
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатлари ўртасидаги қўшма инвестиция лойиҳалари портфели 25 миллиард доллардан ошади. Аммо, Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланса, натижалар янада яхши бўлиши мумкин.
ТОШКЕНТ, 2 ноя — Sputnik. Октябрь ойида МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ҳамдўстлик мамлакатлари иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қиладиган қатор ташаббусларни эълон қилган эди.
Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан ташқи савдо айланмаси 2022 йилда 19 миллиард доллардан ошди. Президент МДҲда истисно ва чекловларсиз тўлақонли эркин савдо зонасини (ЭСЗ) тезроқ шакллантириш муҳимлигига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда бу жараёнга мавжуд тўсиқлар тўсқинлик қилмоқда. Шу муносабат билан Мирзиёев тегишли келишув бандларини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.

Савдо йўлидаги тўсиқлар

Иқтисодиёт фанлари доктори Леонид Холоднинг Sputnik мухбирига маълум қилишича, халқаро савдода икки хил тўсиқ мавжуд – тариф (божхона) ва техник (нотариф чекловлари, масалан, санитария, фитосанитария, ветеринария).
© SputnikЛеонид Холод
Леонид Холод - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 02.11.2023
Леонид Холод
“Қоидага кўра, ЭСЗда тариф тўсиқлари олиб ташланади ва иложи бўлса, маҳсулотларга қўйиладиган техник талаблар унификация қилинади. Турли мамлакатларда бу қоидалар унчалик яхши синхронлаштирилмаган бўлиши мумкин, бу, юмшоқ қилиб айтганда, савдо учун қулай эмас”, — дея тушунтиради эксперт.
Ягона савдо майдонида қабул қилинган умумий қоидалар савдони ривожлантиришга ёрдам беради, деди Леонид Холод.
Бундай ҳолда, масалан, ҳужжатларни қўшимча сертификатлаш, текшириш ёки тасдиқлашга эҳтиёж қолмайди, бу ҳам вақт ва қўшимча харажатларни талаб қилади.

“Товарнинг ёмонлашиши мумкинлигидан ташқари, қоида тариқасида, фоизлар тўланиши керак бўлган қарз маблағлари жалб қилинади. Шу боис, савдо йўлидаги турли тўсиқлар ва чекловлар қанча кам бўлса, бу импорт қилувчи ва экспорт қилувчи мамлакатлар иқтисодиёти учун шунчалик яхши бўлади”, - деб тушунтиради Леонид Холод.

МДҲда эркин савдо зонаси тўғрисидаги шартнома 2011 йилда имзоланган.
Равшан Назаров - доцент кафедры Иностранные языки и гуманитарные дисциплины Ташкентского филиала РЭУ им. Г.В. Плеханова. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 02.11.2023
Равшан Назаров
Эксперт-сиёсатшунос, Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти катта илмий ходими Равшан Назаровнинг айтишича, ўшандан бери маҳаллий ва глобал миқёсда кўплаб воқеалар содир бўлди ва шунинг учун, албатта, ҳужжат жиддий қайта кўриб чиқиш ва тузатишларни талаб қилади,
“Хусусан, шартномада Украина ёки Молдова каби давлатларни тилга олишнинг маъноси амалда йўқолган. Бундан ташқари, бу вақт ичида ЭСЗда иштирок этувчи мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми ва таркиби сезиларли даражада ўзгарди. Улардан баъзилари, масалан, ЖСТга аъзо бўлишди (2012 йилда Россия, 2013 йилда Тожикистон, 2015 йилда Қозоғистон), бу ҳам муайян мажбуриятлар ва чекловларни қўяди”, — дея аниқлик киритади эксперт.

Миллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда импорт ўрнини босиш

Ўзбекистон раҳбари томонидан билдирилган яна бир ташаббус импорт ўрнини босиш бўйича миллий дастурларни синхронлаштириш билан боғлиқ. Бу масалани кўриб чиқишда МДҲ давлатлари, биринчи навбатда, ўзларининг иқтисодий имкониятларини, қолаверса, ҳамкорларининг салоҳиятини холисона баҳолашлари керак, дейди Равшан Назаров.
Бундан ташқари, экспертнинг таъкидлашича, ҳамкор мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулот ёки хизмат "ўзимизники" деб ҳисобланиши керак.
Шу билан бирга, Россия иқтисодиёт университетининг халқаро бизнес кафедраси доценти Анастасия Прикладованинг фикрича, МДҲга аъзо давлатлар ўртасида импорт ўрнини босиш сиёсатини синхронлаштириш ташаббуси макроиқтисодий тафовутлар ва мамлакатларнинг бу борада ўз манфаатларини кўзлаши туфайли қийинчилик ва қарама-қаршиликларга дуч келиши мумкин.
“Биринчи навбатда, давлат маҳаллий компанияларнинг сармоявий фаоллигини рағбатлантириш орқали импортга боғлиқликни камайтиришга, имкониятлар чекланган ҳолда эса – чет эл капиталини жалб қилишга интилади”, — дея тушунтиради эксперт.
Леонид Холоднинг сўзларига кўра, бугунги кунда МДҲда импорт ўрнини босиш дастурлари бир-биридан ажралиб туради, чунки ҳар бир мамлакат ўз секторларини алоҳида рағбатлантиради, бу эса ушбу йўналишда жадал ишлашни талаб қилади.
Агар импорт ўрнини босиш дастурлари синхронлаштирилса, дейди эксперт, у ҳолда давлатлар “бир-бирини тирсаги билан туртмайди”. Леонид Холоднинг сўзларига кўра, синхронизация дастурларнинг нархини пасайтиради, шунингдек, меҳнатни оқилона тақсимлашга имкон беради.
"Эҳтимол, тўлиқ циклда импорт ўрнини босиш керак эмасдир. Божхона майдони ва умумий савдо зонаси мавжудлигини инобатга олиб, ҳамкорликни йўлга қўйиш яхшироқ бўлиши мумкин", — дейди эксперт.
Пировардида синхронизация ҳар бир давлат учун қизиқ бўлган тармоқларда импорт ўрнини босиш жараёнини тезлаштиради, деди у.
Бу иқтисодиётга бевосита таъсир қилади, чунки бирламчи хом ашёга нисбатан мураккаброқ маҳсулот ишлаб чиқариш қўшимча миллий даромад ва бунинг натижасида одамлар турмуш даражасининг ошишини англатади.

“Собиқ Иттифоқ мамлакатлари бироз фарқли бўлса-да, кўпроқ ёки камроқ технологик даражага эга. Гарчи импорт ўрнини босишимиз миллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда ривожланса ҳам, у қандайдир тарзда ўхшаш қоидаларга ва шунга ўхшаш муаммоларга амал қилади”, — дейди Леонид Холод.

Давлат харидлари бозори ва электрон тижоратни ривожлантириш

Шавкат Мирзиёев МДҲ доирасида давлат харидлари бозорига ўзаро асосда имтиёзли кириш имкониятини ҳам кўриб чиқишни таклиф қилди. Анастасия Прикладова тушунтирганидек, бу Ташкилотга аъзо мамлакатлардан бирида ишлаб чиқарилган товарлар мақоми бўйича маҳаллий товарлар билан тенг бўлишини англатади, яъни шартнома шартларини белгилашда улар хорижий ҳисобланмайди.
“Бу Ҳамдўстлик бозорларида рақобат кучайишига олиб келиши мумкин. Лекин ўзаро савдо фақат божхона тўловларидан озод қилинган, маҳсулотларга қўйиладиган талаблар эса ҳар хил бўлиши мумкин, бу эса чекловчи омил”, — дейди эксперт.
Анастасия Прикладованинг сўзларига кўра, ушбу муаммонинг энг оддий ечими МДҲга аъзо мамлакатлар ташқи савдосининг техник талаблари ва бошқа тарифсиз чораларини ЕОИИ доирасида ўрнатилган қоидалар билан бирлаштириш бўлиши мумкин.
© РЭУ имени Г.В. ПлехановаАнастасия Прикладов
Анастасия Прикладова, доцент кафедры международного бизнеса и таможенного дела РЭУ им. Г.В. Плеханова - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 02.11.2023
Анастасия Прикладов

"Эҳтимол, бундай ечим электрон тижоратни ривожлантиришга ҳисса қўшади", - деб ҳисоблайди у.

Шавкат Мирзиёевнинг электрон тижоратни ривожлантириш, жумладан, мавжуд платформаларни кенгайтириш орқали рағбатлантиришни таклиф қилган яна бир ташаббуси ҳам шу билан боғлиқ.
Электрон тижорат транзакция харажатларини оптималлаштиради - яъни савдо харажатларини камайтиради, дейди Леонид Холод.Шу билан бирга, савдо майдончаси фаолияти етказиб берувчилар томонидан битим шартларини виждонан бажаришига асосланиши керак.
"Бу савдо жараёнлари самарадорлигини кескин оширади, бу эса ўз навбатида савдони тезлаштиради ва унинг ҳажмини оширади", — дейди Холод.

Кўпроқ ўзаро инвестициялар

Ўзбекистон раҳбари МДҲга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари Кенгаши йиғилишида ҳам қўшма улгуржи тарқатиш ва логистика марказларини ташкил этишни қўллаб-қувватлаш дастурини қабул қилишни таклиф қилди.
Бу қўшма икки томонлама ва кўп томонлама лойиҳаларни амалга оширишни фаоллаштиришга ёрдам беради, экспертлар фикрича, бундай марказларсиз кенг кўламли савдо қийин кечади.
Мазкур ташаббуснинг амалга оширилиши юкларни, жумладан, транзит мамлакатлар ҳудудлари орқали ташиш учун қулай шарт-шароитлар ва махсус тарифларни тақдим этиш, шунингдек, юк ташиш ва логистика занжирларининг мақбул схемаларини ишлаб чиқиш имконини беради, деб ҳисоблайди Назаров.
Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан қўшма сармоявий лойиҳалари портфели 25 миллиард доллардан ошади. Шу билан бирга, жорий йил бошидан буён республиканинг Ҳамдўстлик давлатлари билан ташқи савдоси ҳажми атиги 5 фоизга ошди.
Шу боис президент ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш ва лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшимча чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш, жумладан, технопарклар ташкил этишни таклиф қилди.
Бу йўналишдаги ишлар 2023 йил июнь ойида Сочида МДҲ ҳукуматлари раҳбарлари Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг саноат кооперациясини ривожлантириш концепцияси ва уни 2030 йилгача ривожлантириш чора-тадбирлари комплексини маъқуллаган пайтда бошланган эди.

“Саноат кооперациясини ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш МДҲ мамлакатлари иқтисодиёти рақобатбардошлигини оширишнинг асосий омилларидан биридир”, – дейди Равшан Назаров.

Мутахассиснинг фикрича, юқори технологияли янги ишлаб чиқаришлар ташкил этиш (масалан, замонавий IТ-технологияларни ривожлантириш) қўшма технопарклар ташкил этиш, ўзаро инвестициялар ҳажмини ошириш, маҳсулот сифати бўйича халқаро стандартларга эришиш, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Йўналишларга келсак, бу ҳамма нарса бўлиши мумкин: кимё саноатидан тортиб тоғ-металлургия ва қишлоқ хўжалигигача (масалан, қўшма уруғчилик, селекция ишлари), дейди Холод. “Талаб бор жойда биз ривожланишимиз керак”, деб хулоса қилди иқтисодчи.
Янгиликлар лентаси
0