Айрим жиноят процесси қатнашчиларига ҳақ тўлаш тартиби белгиланди

© Sputnik / Руслан КривобокМолоток судьи, архивное фото
Молоток судьи, архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.10.2023
Oбуна бўлиш
Эксперт ва мутахассисга масъул органлар (мансабдор шахслар) топшириғига кўра бажарган иши учун соатига БҲМнинг 0,10 коэффициенти миқдорида ҳақ тўланади.
ТОШКЕНТ, 30 окт — Sputnik. Ўзбекистон ҳукуматининг 28 октябрдаги қарори билан Жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланиши лозим бўлган маблағларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, жабрланувчи вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган шахс бўлса, у билан биргаликда ёки унинг ўрнига ишда иштирок этишга жалб этилган қонуний вакилига ҳақ тўлаб берилади.
Масъул органлар (мансабдор шахслар) томонидан ишда иштирок этишга жалб этилган қуйидаги шахсларга ҳақ тўлаб берилади:
жабрланувчилар ва ишга кўмаклашувчи шахсларга:
уларнинг доимий яшаш жойларидан ташқаридаги ҳудудларда ўтказиладиган процессуал ҳаракатларни амалга ошириш жойига келиб-кетиш харажатлари;
турар жой билан боғлиқ харажатлари (меҳмонхона ёки турар жой ижараси);
кундалик харажатлари;
эксперт, таржимон, мутахассисга ишда иштирок этишда ўз вазифаларини бажарганлиги учун, ушбу вазифалар хизмат топшириғи тартибида бажарилган ҳоллар бундан мустасно;
доимий иш ҳақи олмайдиган жабрланувчилар ва уларнинг қонуний вакили, гувоҳлар ва холисларга ишда иштирок этишга уларни одатдаги машғулотидан қолдирилганлик (чалғитганлик) учун.
Масъул органлар (мансабдор шахслар) томонидан ишда иштирок этишга жалб қилинган ишга кўмаклашувчи шахслар ҳамда жабрланувчиларнинг турар жой билан боғлиқ харажатларини бир кунлик қоплаш (меҳмонхона ёки турар жой ижараси) миқдори БҲМнинг 1,5 бараваридан ошмаслиги лозим.
Турар жойда яшаганлиги бўйича харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолларда, ҳар бир сутка учун белгиланган БҲМнинг 20 фоизи миқдорида қопланади.
Турар жой ижарасидан фойдаланилганда, давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилган ижара шартномаси тақдим этилади.
Эксперт ва мутахассисга масъул органлар (мансабдор шахслар) топшириғига кўра бажарган иши учун соатига БҲМнинг 0,10 коэффициенти миқдорида ҳақ тўланади.
Бир таржимон томонидан ҳар бир кўрсатилган хизмати учун алоҳида тўлов амалга оширилади.
Мазкур қоидалар процессуал мажбуриятларни хизмат топшириғи сифатида ишда иштирок этишга жалб қилинган эксперт, мутахассис ва таржимонга ўз вазифаларини бажарганлик учун ҳақ тўлашга ҳамда хизмат сафари билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплаб беришга нисбатан татбиқ этилмайди.
Янгиликлар лентаси
0