Мактаб ўқувчилари орасида энг машҳур тўгараклар қайсилар
11:12 26.10.2023 (янгиланди: 18:36 26.10.2023)
© Президент таълим муассасалари агентлиги Робототехника йўналишида халқаро танлов
© Президент таълим муассасалари агентлиги
Oбуна бўлиш
Ўқувчилар ҳунармандчилик ва қўл меҳнати, олий таълим муассасалари ва мактабга тайёрлов, маданият ва санъат тўгаракларига кўпроқ боришмоқда.
ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Мактаб ўқувчилари ҳунармандчилик, таълим ва санъат йўналишларидаги тўгаракларга кўпроқ қатнашмоқда. Бу ҳақда Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчи Йўлдошхўжа Акбаров Sputnik мухбирига маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мактаб ўқувчиларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида таълим муассасалари томонидан бир қатор дарсдан ташқари машғулотлар ва тўгараклар ташкил этилган.
"Ҳозирда республика бўйлаб барча вилоят, шаҳар ва туманларда жами 219 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Уларда 7 та йўналиш бор. Йўналишларнинг хар бирида 10 тадан ошиқроқ тўгарак мавжуд. Шунда умумий 79 турдаги тўгарак бор. Мазкур тўгараклардан ўқувчилар учун 10 472 та гуруҳ тузилган. Уларга 306 310 нафар ўқувчи ёшлар жалб этилган”, – деди Акбаров.
© SputnikМактаб ўқувчилари энг кўп қатнаёткан тўгараклар
Мактаб ўқувчилари энг кўп қатнаёткан тўгараклар
© Sputnik
Тўгараклар йўналишлар кесимида:
маданият ва санъат – 1 516 та тўгарак (42 636 киши);
техника, конструкторлик ва моделлаштириш - 1 211 та тўгарак (34 202 киши);
жисмоний тарбия ва спорт – 887 та тўгарак (25 049 киши);
ҳунармандчилик ва қўл меҳнати – 2 807 та тўгарак (87 596 киши);
туризм ва экология – 1 160 та тўгарак (35 128 киши);
олий таълим муассасалари ва мактабга тайёрлов курслари – 2 147 та тўгарак (59 653 киши);
хорижий тиллар – 744 та тўгарак (22 046 киши).
Акбаровнинг таъкидлашича, ҳозир ўқувчилар энг кўп қизиқиш билдираётган йўналишлар ҳунармандчилик ва қўл меҳнати тўгараклари, олий таълим муассасалари ва мактабга тайёрлов тўгараклари ва маданият ва санъат тўгаракларидир.
Умумтаълим мактабларида 6 291 та тўгаракка 185 097 нафар ўқувчи ёшлар жалб этилган бўлса, маҳаллаларда 318 та тўгаракка 8 614 нафар ўқувчи қатнашмоқда.
Имконияти чекланган (ногиронлиги бўлган) болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус мактаб интернатларда 361 та тўгарак ташкил этилиб, уларга 9 926 киши жалб қилинган.
Бундан ташқари, мактабгача таълим муассасаларда 208 та тўгаракка 5 546 нафар ўқувчи ёшлар жалб этилган бўлса, меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчаларида 58 та тўгаракка 1 100 нафар ёшлар жалб қилинган.