Мирзиёев Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқини табриклади

© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Узбекистана встретился с соотечественниками
Президент Узбекистана встретился с соотечественниками   - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.10.2023
Oбуна бўлиш
Мирзиёев ўзбек тилининг ҳақиқий фидойиси ва дўсти бўлган барча заҳматкаш ва жонкуяр инсонларга чин қалбдан миннатдорлик билдирган.
ТОШКЕНТ, 21 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик йўллади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.
“Сиз, азизларни жонажон юртимизда кенг нишонланаётган қутлуғ айём – Ўзбек тили байрами куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Ҳеч шубҳасиз, азалий қадриятларимиз гултожи бўлган она тилимиз асрлар синовидан безавол ўтиб келаётган буюк ва бебаҳо маънавий бойлигимиздир”, - дейилади табрикда.
Табрикда айтилишича, кейинги йилларда ўзбек тили нуфузли халқаро анжуманлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан мунтазам янграб келаётгани барчага ғурур-ифтихор бағишлаш билан бирга, дунёда ўзбек тилини ўрганишга интилаётган инсонлар сафини ҳам тобора кенгайтирмоқда.
“Бугунги қувончли айёмда жаҳондаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тилининг обрў-эътибори ва нуфузини юксалтириш бўйича амалга ошираётган ишларимиз ҳақида сўз юритиб, келгусидаги муҳим вазифаларимизни белгилаб олишимиз табиийдир. Бу ҳақда гапирганда, аввало, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти фаолияти замон талаблари асосида ташкил этилиб, барча соҳаларда давлат тилида иш юритиш сифатини яхшилаш, хусусан, ахборот-коммуникация йўналишида уни фаол қўллаш борасида ижобий натижаларга эришилаётганини таъкидлаш лозим”, - дейди президент.
Айтилишича, кейинги йилларда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, “Алишер Навоий қомуси”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси”, “Фалсафа” қомусий луғати, “Ўзбекистон юридик энциклопедияси”, “Ислом энциклопедияси”, “Маънавият: асосий тушунчалар луғати”, “Педагогика: энциклопедия”, “Тарих атамалари луғати”, “Адабиётшунослик луғати”, “Юридик атамалар луғати” каби 40 дан зиёд фундаментал китоблар нашр этилгани муҳим қадам бўлди.
“Шулар қаторида ўзбек тилининг электрон миллий корпуси ва дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловаларини яратиш, ўзбек тилини интернет тармоғида оммалаштириш ва муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, давлат тилини ўргатишга ҳамда матн таҳририга мўлжалланган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиш бўйича ҳам жиддий ишлар олиб борилаётганини қайд этиш зарур”, - дейилади табрикда.
Қайд этилишича, ўзбек тили ва адабиёти йўналишида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш ҳажми ҳамда илмий тадқиқотлар сони ортиб бормоқда. Ҳозирги кунда жами 33 та олийгоҳда ушбу мутахассислик бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Олий таълим муассасаларида 7 минг нафардан зиёд фан номзодлари ва докторлари, профессор-ўқитувчилар ўзбек тили ва адабиётидан дарс бермоқда.
Агар 1992–2012 йилларда, яъни 20 йил мобайнида бу ихтисослик бўйича 730 та илмий иш ҳимоя қилинган бўлса, сўнгги 10 йилда бу рақам 792 тани ташкил этди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда таълим 7 тилда олиб борилмоқда. Республикадаги мавжуд 1453 та оммавий ахборот воситаси ҳамда юзлаб веб-сайтлар орқали қорақалпоқ, рус, қозоқ, тожик, туркман, корейс, турк, араб, инглиз, немис ва бошқа тилларда ҳам материаллар эълон қилинмоқда.
“Биз Ўзбекистонни тенглик, дўстлик ва бағрикенглик диёрига айлантириш мақсадида турли миллатга мансуб фуқароларимизнинг тил соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ишларимизни бундан буён ҳам изчил давом эттирамиз”, - дейди президент.
Мирзиёев ўзбек тилининг ҳақиқий фидойиси ва дўсти бўлган барча заҳматкаш ва жонкуяр инсонларга чин қалбдан миннатдорлик билдирган.
Янгиликлар лентаси
0