Борт кузатувчиси бўлиш шартлари ва имкониятлар: "UzAirways"нинг талаблари қандай?

© Uzbekistan AirwaysUzbekistan Airways
Uzbekistan Airways - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.10.2023
Oбуна бўлиш
Борт кузатувчиси бўлиш шартлари ва "Uzbekistan Airways"да ишлаш имконияти ҳақида батафсил — Sputnik материалида.
ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. "Uzbekistan Airways" AЖ борт кузатувчиси касби бўйича ўқиш учун танлов эълон қилди. Номзодлар қатор талабларга жавоб бериши керак.
Борт кузатувчиси бўлишни кўпчилик исташи табиий. Сабаби, уларда дунё бўйлаб саёҳат қилиш имконияти пайдо бўлади. Аммо "Uzbekistan Airways" AЖ борт кузатувчиларига бир қатор имкониятлардан ташқари, ўзига яраша талабларни ҳам қўйган.
© Uzbekistan AirwaysUzbekistan Airways
Новая форма авиакомпании Uzbekistan Airways  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.10.2023
Борт кузатувчиси бўлиш учун қаерга мурожаат қилиш керак? Борт кузатувчисига қўйилган талаблар қандай? "Uzbekistan Airways" AЖ Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси ходими Озода Азимова Sputnik мухбирига бу ҳақда батафсил маълумот берди.
Демак, "Uzbekistan Airways" ўқув курсларига ҳужжатлар электрон почта орқали қабул қилинади.
Ўқишни хоҳловчилар биринчи навбатда махсус сўровномаларни тўлдириб, талаб этиладиган ҳужжатларни сканер нусхаларини тақдим этишлари керак бўлади.
Керакли ҳужжатлар:
1.
Ўзбекистон фуқаросининг паспорти;
2.
4х6 расм;
3.
иш ёки ўқиш жойидан маълумотнома;
4.
номзодлар тўлиқ ўрта, ўрта-махсус, касб-ҳунар (академик лицей ёки касб-ҳунар коллежи) маълумотига эга бўлиши, хорижда таълим олганларнинг дипломлари эса Ўзбекистон Давлат тест марказида нострификация қилинган бўлиши лозим.
5.
ҳарбий гувоҳнома (агар мавжуд бўлса);
6.
яшаш жойидан гувоҳнома;
7.
сўровнома (юклаб олиш).

“Ҳужжатлари қабул қилинган номзодлар телефон орқали суҳбатга чақирилади. Суҳбатдан ўтган номзодлар тиббий кўрикдан ўтказилади”, — деди Озода Азимова.

© Uzbekistan AirwaysUzbekistan Airways
Новая форма авиакомпании Uzbekistan Airways - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.10.2023
Номзодга қўйиладиган талаблар:
номзод Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлиши;
олий, ўрта махсус ёки ўрта маълумотга эга бўлиши;
18 ёшдан 27 ёшгача бўлиши (27 ёшдан ошганлар ҳисобга олинмайди);
162-175 см (қизлар), 165-185 сантиметр (йигитлар);
номзод бўйига мос вазнга эга бўлиши керак;
юзи ва танасида кўзга ташланадиган нуқсонлари бўлмаслиги;
табиий ва ёқимли кўринишга эга бўлиши керак (лаб учун филлерлар бўлмаслиги керак);
тишлар тўғри, текис, тоза ва табиий бўлиши керак (олд қаторда ясама сариқ ва оқ тишлар бўлмаслиги);
қад-қомат тўғри ва нафис бўлиши, юришда нуқсонлар бўлмаслиги керак;
чиройли соч турмаги ва шакли бўлиши керак (узун сочлар кийимнинг ёқасига тегмайдиган тарзда тузилиши керак);
тирноқлар чиройли маникюр қилинган бўлиши керак.
Ўқув жараёни давомида машғулотлар махсус функцияли тренажёрларда ҳафтасига 7 кун, суткасига 24 соат ўтказилади. Дарсларда инглиз ва ўзбек тили каби назарий билимлар билан бир қаторда амалий машғулотлар ҳам ўтилади.

"Танловдан ўтган ўқувчилар гуруҳларга бўлиниб, 1-1,5 ой мобайнида машғулотлар ўтайди. Соҳага қизиққан исталган киши ўз устида кўпроқ ишлаб, дарсларни яхши ўзлаштирсагина, борт кузатувчиси бўла олади", — дея қўшимча қилди Азимова.

Ўқувчилар фавқулодда вазиятларда йўловчиларни қутқаришни, авария ҳолатларида самолётда ёнғин чиқса, уни қандай тўғри бартараф этишни ўрганишади.
Ҳар қандай сабабга кўра, ўқув дастурини ўзлаштира олмаган, дарс қолдираётган, тартиб-интизомни бузган, қўпол муомалада бўлган, масъулиятсиз номзодлар билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин.
"Машғулотни тугатган ўқувчиларнинг ҳаммаси ҳам ишга қабул қилинди дегани эмас. Ишга кира олмаганлар қайта ариза топширишлари мумкин", — дея қўшимча қилди Азимова.
Борт кузатувчиси ўзбек, рус ва инглиз тилларини билиши шарт. Шунингдек, сузишни билиши ҳам талаб этилади.
Борт кузатувчиларига иш вақтида бепул овқат ва меҳмонхона билан таъминланади, шунингдек, спорт билан шуғулланишлари учун махсус имтиёзлар тақдим этилади. Ўз билимларини мустаҳкамлашлари учун тил ўрганиш курслари ҳам компания ҳисобидан тўлаб берилади.

"Борт кузатувчи 1 йил давомида ишлаган бўлса, унга ўзи истаган давлатга сайёҳат қилиши учун 2 та чипта бепул тақдим этилади"— деди Азимова.

Борт кузатувчилари учун яна бир муҳим талаб мавжуд, бу ҳам бўлса қадди-қоматини ва соғлиғини доимий назорат қилиб бориш.
Янгиликлар лентаси
0