Болаларни гижжаларга қарши текшириш бошланди — Санэпидқўмита

© Sputnik / Михаил ВоскресенскийЛаборатория текшируви
Лаборатория текшируви - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 03.10.2023
Oбуна бўлиш
2-10 ёшли болалар учун дегельминтизациянинг навбатдаги босқичини ўтказиш режалаштирилган.
ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Ўзбекистонда октябрь-ноябрь ойларида 2-10 ёшли болалар учун дегельминтизациянинг навбатдаги босқичини ўтказиш режалаштирилган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси (Санэпидқўмита) хабар берди.
Ҳар йили 2-10 ёшли болаларни ичак гельминтоздан оммавий даволаш самарадорлигини баҳолаш учун даволашдан олдин ва кейин лаборатория текширувлари ўтказилади.

“2023 йил охиригача (октябрь-ноябрь ойларида) 2-10 ёшли болалар учун дегельминтизациянинг навбатдаги босқичини ўтказиш режалаштирилган”, — дейилади хабарда.

Ушбу муолажа олдидан республиканинг барча ҳудудларида сентябрь ойида давлат мактабгача талим ташкилотлари тарбияланувчиларини ва мактаблар 1-4 синф ўқувчиларини гельминтозларга лаборатория текширувлари билан қамраб олиш мақсадиди лаборатория текширувлари ўтказилмоқда.

“Ўтказилган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш мақсадида дегельминтизация тадбирларидан икки ҳафтадан сўнг худди шу контингентлар орасида лаборатория текширувлари қайта амалга оширилади”, — дея қўшимча қилинган хабарда.

Қайд этилишича, дегельминтизациядан олдин ва кейин болаларда ичак гельминтозлари билан касалланиш даражаси ўрганилади.
Ўтган йилларда ўтказилган бундай тадқиқотлар ўз самарасини кўрсатди, яъни гельминтлар билан касалланиш 3-4 мартага камайди.
Маълумот учун, ҳозирда болалар орасида кўп учрайдиган касалликлардан бири гельминтоздир. Гельминтозлар инсон организмига паразит чувалчанглар (гижжалар) кириши натижасида юзага келади. Чувалчанглар ўзи яшаб турган вужуддаги озуқалар ҳисобига кун кўради.
Паразит инсон организмига 5 мингдан 150 минггача тухум қўяди. Улар тез ривожланади ва ичак орқали бутун танага тарқалиб, ички аъзолар ва тизимларни шикастлайди.
Гижжалар уч гуруҳга ажратилади: нематода — ясси чувалчангсимон гижжалар (аскарида, энтеробиоз, трихинел, трихинеллез, эхинококк), трематода — сўрғичли чувалчангсимон гижжалар (описторхоз, фасциолез), ва цестода — тасмасимон гижжалар (гименолепидоз, тениаринхоз, дифиллоботриоз).
Болалар орасида энг кўп тарқалган гижжалар — бу острица (энтеробиоз) ва аскаридалардир. Гижжалар аниқланганда зудлик билан малакали гастроэнтеролог тавсияси асосида даволаниш лозим.
Болалар организмида бўлган гижжалар ошқозон-ичак трактига салбий таъсир кўрсатади. Озуқа моддаларининг ўзлаштирилиши жараёнларини бузади, даво ўз вақтида олиб борилмаганида эса ҳаёт учун муҳим бўлган аъзолар — ўпка, бош мия ва бошқаларни шикастлаши мумкин.
Гельминтозларнинг ўзига хос намоён бўлишига, ўткир ва сурункали кечишига қараб ажратилади. Гельминтознинг ўткир кечишида гижжалар организмга тушади ва аллергик реакциялар кўринишида дархол иммун жавобни қўзғатади (шу боисдан кўпинча ота-оналар буни оддий аллергия деб ўйлайди).
Сурункали гельминтозлар турлича кечади. Клиникаси паразитларнинг жойлашуви, уларнинг сони ва гельминтларга бўлган организмнинг жавоб реакциясига боғлиқ.
Гижжаларнинг қуйидаги характерли белгилари кузатилади:
умумий ҳолсизлик, тез чарчаш;
тана ҳароратининг кўтарилиши;
кўз остининг қорайиши;
терида тошма тошиши билан аллергик реакциялар (крапивница);
иштаҳа муаммолари;
кўнгил айниши ва қусиш;
оғиздан ҳид келиши;
қоринда оғриқ ҳисси;
қабзият/диарея;
вазн йўқотилиши;
ахлат билан чувалчанг қисмларининг ажралиши.
Бундан ташқари, болада чувалчанглар билан шикастланган аъзоларнинг дисфункциялари кузатилиши мумкин.
Масалан, жигар шикастланганида ўнг қовурға остида оғриқ, кўнгил айниши, терининг сарғимтир бўлиши кузатилиши мумкин. Ўпка шикастланганида эса нафас йўллари асфиксияси ва бошқалар юзага келиши кузатилади. Гижжалардан азият чекувчи болалар тез-тез касалланади. Бундай болаларда ЎРВИ, стоматит, гингивит ва бошқа хасталиклар тез-тез учрайди.
Янгиликлар лентаси
0