Сўнгги саккиз ойи ичида 1400 мингдан зиёд киши ЙТҲ қурбони бўлган

© Фото: УБДД ГУВД ТашкентаЙТҲга учраган машина, архив сурат
ЙТҲга учраган машина, архив сурат - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.09.2023
Oбуна бўлиш
Маълумотларга кўра, 2023 йилнинг ўтган саккиз ойида мамлакат бўйича жами 9 миллионтадан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарлиги қайд этилган.
ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Ўзбекистонда 2023 йилнинг январь-август ойлари давомида 1415 нафар фуқаро йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этди. Бу рақамларни Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, сенатор Толибжон Мадумаров Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида келтирди.
Мадумаров маълумотларига кўра, 2023 йилнинг ўтган саккиз ойида мамлакат бўйича жами 9 миллионтадан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарлиги, жумладан, 8 миллионтага яқин қўпол қоидабузарлик, 26 мингтага яқин транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, 161 мингтадан ортиқ пиёдалар қоидабузарлиги қайд этилган.
“Оқибатда ушбу даврда 5 772 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 5 448 нафар фуқаро жароҳатланган ва 1 415 нафар фуқаро ҳалок бўлган”, - деди у.
Аниқланишича, бугунги кунда мамлакатида тахминан 11 мингтага яқин пиёдалар ўтиш жойлари мавжуд бўлиб, уларнинг бор-йўғи 1 834 тасида светофор ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи бошқа йўл белгилари тўлиқ ўрнатилган.
Аксарият тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида ҳайдовчиларни мазкур объект тўғрисида ўз вақтида огоҳлантирувчи йўл белгилари ўрнатилмаган ва йўл чизиқлари тўғри чизилмаган.
Бундан ташқари, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойлари сутканинг қоронғи вақтларида тегишли сунъий ёритиш чироқлари билан таъминланмаганлиги боис, йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарият қисми тунги вақтларда содир бўлмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2021-2023 йиллар давомида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида 2784 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлса, уларнинг 1007 таси сутканинг қоронғу вақтларида содир этилган.
Ҳайдовчилар томонидан тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида пиёдаларга йўл бермаслик ҳам йўл-транспорт ҳодисаларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда ва бундай ҳолатлар йилдан йилга ортиб бормоқда.
Жумладан, 2021 йил давомида ҳайдовчиларнинг пиёдаларга йўл бермасдан ҳаракатланганлиги учун қўлланилган маъмурий қоидабузарликлар сони 101 796 тани ташкил қилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 142 967 тани, 2023 йилнинг 8 ойида эса 90 211 тани ташкил қилган.
Қайд этиш жоизки, 2024 йил 1 январдан бошлаб аҳоли пунктларида барча янги қурилаётган икки ва ундан ортиқ полосали автомобиль йўлларида пиёдалар ўтиш йўлакларини светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш мажбурий бўлиши кутилмоқда.
Йўл-транспорт ҳодисаси - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 13.01.2023
Тошкентда 17 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди
Янгиликлар лентаси
0