Мирзиёев: Марказий Осиё – Германия бизнеси учун катта имкониятлар минтақаси
20:31 29.09.2023 (янгиланди: 20:44 29.09.2023)
© Пресс-служба президента УзбекистанаЎзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Германия иқтисодий форумида
Oбуна бўлиш
Шавкат Мирзиёев Германия ишбилармон доираларини Марказий Осиёда озиқ-овқат, хом-ашё ҳамда транспорт ва коммуникациялар соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйишга чақирди.
ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлат раҳбарлари ва Германия бизнес вакиллари учун ташкил этилган иқтисодий форумда иштирок этди.
Ўзбекистон президенти ушбу форумда сўзлаган нутқида бугунги кунда Марказий Осиё ҳудудида жиддий ўзгаришлар содир бўлганини ва бу ерда хорижий инвестициялар учун катта имкониятлар борлигини таъкидлаб ўтди.
"Эндиликда бу умуман бошқача, кучли ва жипс минтақа. <...> Бир неча йил ичида минтақа мамлакатлари кўплаб жиддий масалаларни ҳал этишга муваффақ бўлди - чегаралар очилди, савдо ва транспорт алоқалари, гуманитар алмашинувлар тикланди. Чегарадош ҳудудларда ҳамкорлик марказлари ва тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини яратмоқдамиз.
Биз автомобилсозлик, энергетика, электротехника, тўқимачилик, кимё ва фармацевтика тармоқларида, қишлоқ хўжалигида муҳим кооперация лойиҳаларини амалга оширмоқдамиз", - деди Шавкат Мирзиёев.
© Пресс-служба президента Узбекистана Экономический форум под эгидой Восточного комитета немецкой экономики.
Экономический форум под эгидой Восточного комитета немецкой экономики.
Ўзбекистон етскчиси, шунингдек, яқин йилларда МО давлатларида ЯИМ ўсиши беш фоиздан ортиқ даражада барқарор сақланиб қолиши башорат қилинаётгани туфайли халқаро ҳамжамиятнинг минтақага қизиқиши ортиб бораётганига эътибор қаратди.
Шу билан бирга, Мирзиёев, Марказий Осиё учун энг муҳими минтақавий тинчлик эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.
"Мен ва барча ҳамкасбларим учун энг аввало Марказий Осиёнинг тинчлиги ва осойишталиги, барқарорлиги ва изчил тараққиёти муҳим. Шундай шароитлардагина минтақамиз хорижий ҳамкор ва инвесторлар учун жозибадор бўлади", - деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, Ўзбекистон президенти Марказий Осиё Европага сифатли озиқ-овқат етказиб бериш, хом-ашё соҳасида қўшма корхоналар ташкил қилиш ҳамда Германия билан ҳамкорликда транспорт коммуникация лойиҳалари ишлаб чиқишни таклиф қилди.
"Марказий Осиё ички эҳтиёжларни тўлиқ таъминлаш ва Европа мамлакатларига сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш учун зарур салоҳиятга эга. <...>
Энг муҳими хомашё ресурслари соҳасидаги қўшма лойиҳалар алоҳида аҳамият касб этмоқда", - деди Мирзиёев.
© Пресс-служба президента Узбекистана Экономический форум под эгидой Восточного комитета немецкой экономики.
Экономический форум под эгидой Восточного комитета немецкой экономики.
Шунингдек, президент минтақавий транспорт коммуникациялари соҳасида самарали ва ўзаро мувофиқлашган тавсияларни ишлаб чиқиш мақсадида Германиянинг етакчи ташкилот вакомпаниялари мутахассисларини жалб қилиш таклифини билдирди.
"Марказий Осиё – Германия бизнеси учун катта имкониятлар минтақаси", - деб хулоса қилди Шавкат Мирзиёев форумда.
Иқтисодий форумда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати hаиси Гурбангули Бердимуҳамедовлар иштирок этишди.
Германия томонидан бир қатор мансабдор шахслар ҳамда етакчи маҳаллий корхона вакиллари иштирок этди: “CLAAS”, “Siemens Energy”, “Knauf”, “Linde”, “Papenburg”, “BayWa”, “WILO”, “IPEX-Bank”, “Commerzbank”, “AKA”, “Mangold Consulting”, “Deutsche Bahn”, “DB E.C.O.”, “Euler Hermes”, “Ernst Klett”, “SMS Group”, “Deutsche Bank”, “Evonik Industries”, “John Deere”, “BASF”, “Airbus” ва бошқалар.
Маълумот учун, 29 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Германия канцлери Олаф Шольцнинг таклифига биноан амалий ташриф билан Берлин шаҳрига келди. Бу ерда Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиё ва Германия давлат раҳбарларининг учрашувида иштирок этди ҳамда Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан икки томонлама музокаралар ўтказди.