Қирғизистоннинг ун ва буғдой экспортини тақиқлаши Ўзбекистонга таъсир қиладими?

Пшеничная мука. Иллюстративное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 26.09.2023
Oбуна бўлиш
Қирғизистоннинг ун ва буғдой экспортини тақиқлаши Ўзбекистонда бозор ва ундаги нарх-наво тебранмасига салбий таъсир ўтказмайди.
ТОШКЕНТ, 26 сен — Sputnik. Қирғизистон Ўзбекистоннинг буғдой ва дон масалаларидаги асосий импортёр мамлакат эмас. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Дилшод Назиров Sputnik мухбирига маълум қилди.
Қирғизистон буғдой уни ва озиқ-овқат буғдойи донининг экспортига олти ой муддатга тақиқ жорий этмоқда. Мамлакатнинг буғдой ва дон маҳсулотлари Ўзбекистон бозорига экспорт қилиниш салмоғи кам. Шунинг учун Қирғизистоннинг ун ва буғдой экспортини тақиқлаши Ўзбекистонда бозор ва ундаги нарх-наво тебранмасига салбий таъсир ўтказмайди.

“Тақиқ киритаётган мамлакат экспортёр мамлакат билан тақиқ масалаларини келишмайди. Чунки бу ўша мамлакатнинг ички озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи билан чамбарчас боғлиқ. Аммо ҳукуматлараро келишувлар бор, ҳалқаро меъёрий битимлар бор. Уларда келтирилган бандларни ушбу мажбуриятни олган мамлакатлар бажариши шарт”, деди Дилшод Назиров.

Мисол учун ўтган 8 ой давомида Қирғизистондан жами 1,5 минг тонна буғдой кирган.

“Кўриниб турибдики, мазкур улуш ички бозоримиздаги буғдой ва дон маҳсулотлари нархига таъсир қилиш даражасида эмас. Шу билан бирга бу йил Ўзбекистонда 8,1 млн тонна буғдой ҳосили етиштирилган бўлиб, мамлакат тўлиқ ўзининг буғдойини қайта ишлаш ва таъминотга йўналтириш қувватига эга. Эҳтиёждан ортиқ даражада маҳсулот мавжуд. Хавотирга асло ўрин йўқ”, — деди у.

Қўшимча қилинишича, ҳар куни Товар-хомашё биржасига маълум миқдорда буғдой савдога қўйилмоқда. Сотув ҳажми қолдиқ тенденциясини кўрсатмоқда. Мисол учун, 40 тонна биржага қўйилса, 28-30 тоннаси харид қилинмоқда.

“Демак, бозоримиз буғдой маҳсулоти билан тўлиқ таъминланган ва уни қайта ишлаш жараёнлари жадаллик билан амалга ошириляпти. Натижада маҳаллий бозорга маҳаллий ун маҳсулоти етарлича тақдим этилмоқда. Бу борада асло тақчиллик кузатилган эмас”, — дея қайд этди Назиров.

Айтилишича, буғдой ва дон бўйича энг катта импортёр - Қозоғистон Республикаси.
Таъкидланишича, бугунги кунда буғдой бўйича вужудга келган масала вақтинчалик тусга эга бўлиб, ҳар йили асосий буғдой экспорт қилувчи мамлакатлардаги ҳосил йиғиш ва уни қайта ишлаш қувватларидаги режали ишлар билан боғлиқ.
“Бу йил об-ҳаво шароити туфайли Россия ва Қозоғистонда буғдой ўрими бироз кечикаяпти. Шу билан бирга 15 кунга ун тегирмонларида жорий профилактик тадбирларни ўтказилиши-ритейлерлар томонидан нархнинг оширилишига омил бўлди” — дея қайд этди Назиров.
Қўшимча қилинишича, бу ҳар йили айни фасл ва ойда кузатиладиган ҳолат бўлиб, уни бозорларда нархларнинг спекулятив ошириш мақсадлари учун ишлатишга етарли асос сифатида қабул қилмаслик жоиз.
Янгиликлар лентаси
0