Ўзбекистонда кўкйўтал билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор – Отабеков

© Sputnik / Дильшода Рахматова Нурмат Отабеков, архив сурат
 Нурмат Отабеков, архив сурат - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.09.2023
Oбуна бўлиш
Кўкйўтал мавсумий характерга эга бўлиб, куз-қиш даврида кўпроқ қайд этилиши мумкин. Аксарият ҳолларда эмланмаганлар, тўлиқ эмлаш курсини олмаганлар ҳамда баъзи ҳолларда эмлашдан кейин иммунитет шаклланмаган болаларда кузатилади.
ТОШКЕНТ, 25 сен — Sputnik. Ўзбекистонда кўкйўтал билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда мамлакатимизда кўкйўтал касаллиги авж олгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

“Ҳозир юртимизда бу борадаги эпидемиологик вазият барқарор ва хавотирланишга асос йўқлигини, шунингдек, ушбу касаллик ҳеч қандай асоратларсиз даволаниб кетишини маълум қиламиз”, - деди Отабеков.

Кўкйўтал ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган ўта юқумли хасталик бўлиб, қўзғатувчиси Bordetella pertussis бактерияси ҳисобланади. Унга чалинган беморларда ўткир респиратор вирусли инфекциялар аломатлари, шунингдек, кучли йўтал хуружлари ва қусиш кузатилади.
Бу касаллик асосан ёш болалар ва ўсмирларда аниқланади, лекин катта ёшли одамларда ҳам учраши мумкин.
Ўзбекистонда миллий эмлаш календарига асосан, чақалоқлар 2, 3 ва 4 ойлигида 3 маротаба пентавалент вакцина билан (кўкйўтал, дифтерия, қоқшол, гепатит В ва ХИБ инфекцияларга қарши) эмланади. Бир йилдан сўнг, яъни 16 ойлик даврида АКДС-4 билан қайта ревакцинация қилинади.
Отабековнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг ўтган даврида мамлакат бўйича жами 2 миллионга яқин бола ушбу хасталикка қарши вакцина қабул қилган. Хусусан, январь-август ойлари давомида пента-1 билан эмланиши керак бўлган болаларнинг 97,6 фоизи, пента-2 билан 98,5 фоизи, пента-3 билан эса 98,5 фоизи эмланган.
Бундан ташқари, 16 ойлик ўғил-қизларнинг 98,9 фоизи ревакцинация босқичида қайта эмланган.
Айтиш жоизки, кўкйўтал мавсумий характерга эга бўлиб, куз-қиш даврида кўпроқ қайд этилиши мумкин ва аксарият ҳолларда эмланмаганлар (тиббий чеклов ва рад этиш), тўлиқ эмлаш курсини олмаганлар ҳамда баъзи ҳолларда эмлашдан кейин иммунитет шаклланмаган (сероманфий) болаларда кузатилади.
“Қисқа қилиб айтганда, эмланмаган ўғил-қизлар ўртасида касаллик тарқалиш хавфи сақланиб қолади. Шу боис кўкйўтал кам миқдорда бўлса-да, аҳоли ўртасида қайд этиб турилиши табиий ҳол”, - деди мутахассис.
Чунки ушбу хасталикни фақат жамоавий иммунитет ҳосил қилиш орқали енгиш мумкин. Бунинг учун Миллий эмлаш календарига мувофиқ, ёш болалар эмланиши зарур.
Календарь профилактических прививок инфографика заглушка - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.07.2023
Болаларни профилактик эмлашлар тақвими
Янгиликлар лентаси
0