Жиноят содир этгани учун қидирувда бўлган шахслар кузатув камералари орқали қўлга олинди

© Sputnik / Владимир БарановКузатув камераси
Кузатув камераси - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.09.2023
Oбуна бўлиш
Миллий гвардия жиноят содир этгани учун ички ишлар органлари томонидан қидирувда бўлган беш нафар шахсни қўлга олди.
ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Жиноят содир этгани учун қидирувда бўлган беш нафар шахс Тошкентдаги кузатув камералари орқали аниқланиб, қўлга олинди. Бу ҳақда Миллий гвардия хабар берди.
Қайд этилишича, 14-19 сентябрь кунлари Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимлари жиноят содир этгани учун ички ишлар органлари томонидан қидирувда бўлган беш нафар шахсни қўлга олди.
Қуйидаги шахслар қўлга олинган:
Яккасарой туманидаги меҳмонхоналардан бирида Қўриқлаш бўлими ходимлари Тошкент шаҳар ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда 43 ёшли M.A.ни қўлга олишди. Бу фуқаро Жиноят кодексининг 167-моддаси (“Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”) да назарда тутилган жиноятни содир этганлик учун қидирувда бўлган.
Яшнобод туманидаги масжидда фирибгарликда гумон қилиниб қидирувда бўлган 49 ёшли К.М., Бухоро деҳқон бозорида ўғирликда гумон қилиниб қидирувда бўлган 43 ёшли фуқаро Х.О.лар ҳам қўлга олинди.
Олмазор туманида “Корзинка” супермаркети ёнида Қўриқлаш хизмати ходимлари фирибгарлик содир этгани учун қидирувда бўлган 38 ёшли Т.С.ни қўлга олишди.
Юнусобод туманидаги “Корзинка” супермаркети ёнида тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ ходимлари жорий йилнинг август ойидан буён ҳуқуқ-тартибот идораларидан яшириниб келаётган 21 ёшли фуқаро К.Ғ.ни қўлга олишди. Бу фуқарога нисбатан безорилик қилгани учун жиноий иш қўзғатилган.
Хабарда айтилишича, барча қўлга олинганлар ўрнатилган тартибда ички ишлар бўлимларига топширилган. Ҳозирда тегишлилиги бўйича масъул ходимлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Янгиликлар лентаси
0