БМТда Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши курашиш тажрибаси юқори баҳоланди
09:26 22.09.2023 (янгиланди: 11:12 22.09.2023)
© Пресс-служба Министерства здравоохранения УзбекистанаБМТ Бош Ассамблеяси 78-сессияси доирасидаги мажлисларда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов иштирок этди.
© Пресс-служба Министерства здравоохранения Узбекистана
Oбуна бўлиш
ССВ: Ўзбекистонлик олимлар пандемиялар даврида махсус профилактика стратегияларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ масалаларни ўрганишда ҳамкорликка тайёр.
ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеяси 78-сессияси доирасида ўтказилган йиғилишда коронавирусга қарши кураш борасида Ўзбекистон тажрибаси юқори баҳоланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўтган БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессияси доирасидаги мажлисларда соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигидаги бир гуруҳ тизим масъуллари ҳам иштирок этди.
Вазир “Пандемияларнинг олдини олиш, уларга тайёргарликни таъминлаш ва жавоб қайтариш” мавзусига бағишланган мажлисда маъруза қилди.
Қайд этилишича, келгусидаги эҳтимолий пандемияларга тайёр туриш учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Халқаро ташкилотлар ва қўшни давлатлар билан ҳамкорликда бу йўналишда қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
"Коронавирус инфекциясини тўлиқ назорат қилишни ўрганишимиз керак. Бу жараёнда эпидемияга қарши чора-тадбирларни такомиллаштириш бўйича тадқиқотлар олиб бориш, CОVID-19 га чалинган беморларни эрта аниқлаш, даволаш ва профилактикасини мувофиқлаштириш, такрорий инфекциянинг олдини олишда иккиламчи иммунитетнинг аҳамиятини ўрганиш, пандемия тарқалишини эрта прогноз қилиш асосида карантин чораларини кучайтириш ёки юмшатиш муҳим аҳамиятга эга”, — деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, мутацияга учраган штаммларга қарши узоқ муддатли ҳимояни таъминлаш, беморлар ва соғайганларни эмлаш муддатлари, вакцинация билан боғлиқ хавфларни аниқлаш, янги авлод вакциналарини яратиш зарур.
“Фанга номаълум ва етарлича ўрганилмаган инфекциялар натижасида юзага келиши мумкин бўлган пандемиялар даврида махсус профилактика стратегияларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ масалаларни ўрганиш талаб этилади. Ўзбекистонлик олимлар бу йўналишда кенг ҳамкорликка тайёр”, — дея қўшимча қилди вазир.
Бундан ташқари, вируслар ва ҳужайралар банкини яратиш, потенциал хавфли вирусларнинг табиий резервуарларини ўрганиш ва вирусологияда нанотиббиётни ривожлантириш каби масалалар кун тартибига қўйилиши кераклиги айтилди.
Йиғилишда коронавирусга қарши кураш борасида Ўзбекистон тажрибаси юқори баҳоланди.