Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ун нархи билан боғлиқ хабарларга муносабат билдирди

© Sputnik / Артур ЛебедевУн
Ун - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 18.09.2023
Oбуна бўлиш
Таъкидланишича, ун нархининг ошиши сабабларидан бири Россия ва Қозоғистондан кириб келаётган маҳсулот айланмаси хорижий валютада амалга оширилиши натижасидир.
ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган “Ун нархи 20 кунда ўз жойига қайтади” сарлавҳали хабарларга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ун нархи билан боғлиқ хабарларда вазир ўринбосари ун нархи эмас, аксинча, буғдой нархи ҳақида фикр билдирган. 20 кунда нархнинг ўз жойига тушиши деб, мавсумий тебранишларни эътиборга олган ҳолда ҳосил тугаши ва ҳосилнинг йиғиб олингандан кейинги тафовут ҳақида сўз юритган.
Таъкидланишича, бугунги кунда давлат аҳолини озиқ-овқат хавфсизлиги билан таъминлаш, бозорларда нарх барқарорлигини сақлаш бўйича бир қатор ишларни олиб бормоқда.
Жумладан, аҳолини ун маҳсулоти билан таъминлаш мақсадида ҳар йили мамлакатда 8 млн тонна атрофида буғдой етиштирилмоқда. Талаб эса 104,4 фоизни ташкил этади.
Жорий йилнинг сентябр ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган деҳқон бозорларидаги нархлар ўрганилди.
Бозорлардаги чакана савдода Россия ва Қозоғистонда ишлаб чикарилган “365 кун”, “Турон”, “Мутабар”, “Олтин дон”, “Макфа” ва бошқа маркадаги олий ва 1 навли ун қадоғига қараб 5000 сўмдан 7500 сўмгача сотилаётган бўлса, улгуржи савдода 5000–7000 сўмни ташкил этмоқда.
Бу нарх ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 200-300 сўмга ошганини (жойларда савдо расталарида эркин нарх белгиланиши оқибатида бундан ортиқ даражада ошганини) кўрсатади.
“Бунинг сабабларидан бири Россия ва Қозоғистондан кириб келаётган маҳсулот айланмаси хорижий валютада амалга оширилиши натижаси ҳисобланади”, - дейилган хабарда.
Бундан ташқари Қозоғистон томони ун тегирмонларида мавсумий техник кўрик ва санитар тозалаш ишларига корхоналарини 15 кунга профилактикага ёпиши ҳақидаги эълон ҳам мазкур сигментда нарх беқарорлигини келтириб чиқарувчи омиллардан бири бўлди.
Бу ҳар йили бўладиган мавсумий тебраниш ҳисобланиб, ўтган йилнинг мос даврида ҳам айни ҳолат кузатилган. 20 кунлик ҳисоботда нархлар нафақат ўз жойига қайтган, балки, тушиш тенденциясини ҳам кўрсатган. Буни бозордаги вазият таҳлили ҳам тасдиқлайди.
Маълум қилинишича, ҳақиқатдан Қозоғистон ички бозорида нарх ошган ва бу ғалла ўрими бошланаётгани билан изоҳланади. Яъни ўримга қадар омборларда қолган буғдой сотувда камайган. Бундан россиялик трейдерлар ҳам фойдаланиб, вақтинчалик имкониятлар дарчасида нархларни оширди.
Аммо Чикаго биржа бозорида келгуси йил учун ғалла шартномасининг нархи анча пасайиб кетган.
"Шунга қарамай, Қозоғистонда ўрим бошланиб, ҳосил йиғиб олингач, нархлар барқарорлаши прогноз қилинмоқда. Айни кунларда ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ўрим кечикмоқда", - дейилган хабарда.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ун маҳсулотларининг улгуржи нархи эса, 4000-4500 сўмни, чакана савдода 5000-6000 сўмни ташкил этмоқда.
Бу нархлар август ойига нисбатан нарх ўсиши ҳамда аҳоли томонидан ажиотаж мавжуд эмаслигини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда асосий турдаги озиқ-овқат нархларини мониторинги бўйича ҳудудий штаблар ташкил этилган. Бозорлардаги ва савдо расталаридаги озиқ-овқат маҳсулотларини нархларини мониторинг қилиш ҳамда нархларнинг кескин ошиб кетишини олдини олиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Янгиликлар лентаси
0