Мирзиёев академик Наим Каримов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

© Пресс-служба президента УзбекистанаПочтена память Первого президента
Почтена память Первого президента
 - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 18.09.2023
Oбуна бўлиш
Наим Каримов шу йил 17 сентябрь куни 91 ёшида вафот этди.
ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев академик Наим Каримов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.
“Ўзбекистон илм-фани ва адабиёти оғир жудоликка учради”, - дейилади хабарда.
Филология фани соҳасида атоқли олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Наим Каримов шу йил 17 сентябрь куни 91 ёшида вафот этди.
Наим Каримов 1932 йил 12 декабрда Тошкент шаҳрида туғилди. 1955 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)ни тамомлаб, ушбу олий таълим муассасасининг аспирантурасида таҳсил олди.
Ўз меҳнат фаолиятини 1958 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти (ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти)да кичик илмий ходим сифатида бошлаган олим кўп йиллик илмий-ижодий фаолияти давомида мазкур институтда катта ва етакчи илмий ходим, бўлим мудири вазифаларида ишлади. 1962 йилда номзодлик, 1993 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 2002 – 2008 йилларда “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси раиси ҳамда “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи раҳбари, 2008 йилдан ушбу музейнинг етакчи илмий ходими сифатида самарали меҳнат қилиб, илм-фан ва таълим соҳаларини ривожлантириш, юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлашга салмоқли ҳисса қўшди.
Наим Каримов ХХ аср ўзбек адабиётини ўрганиш бўйича кенг қамровли фундаментал тадқиқот ва изланишлар олиб бориб, ушбу йўналишда ўзига хос мактаб яратди. Хусусан, маърифатпарвар жадидларнинг ҳаёти ва фаолияти, XX аср ўзбек адабиётининг атоқли намояндалари ижодига бағишланган кўплаб монография ва тадқиқотлари, маърифий романлари ҳамда мингдан ортиқ илмий мақолалари, қатор дарслик ва ўқув қўлланмалари адабиётшунослик фанига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
У 2017 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
Олим жаҳон адабиётининг бир қатор сара асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилиш баробарида, тарихий мавзуларда йигирмага яқин ҳужжатли фильмларни яратишда ҳам фаол иштирок этди.
Унинг бевосита раҳбарлигида кўплаб фан номзодлари ва докторлари тайёрланган.
Академик “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонлари, “Эл-юрт ҳурмати” ордени ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат мукофотларига сазовор бўлган эди.
“Атоқли олим, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Наим Каримовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, - дейилади хабарда.
Янгиликлар лентаси
0