Ёш тележурналист Рамина Ягафарова вафот этди

© Социальная сеть Рамины ЯгафаровойСкончалась телеведущая Рамина Ягафарова.
Скончалась телеведущая Рамина Ягафарова. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 15.09.2023
Oбуна бўлиш
Ягафарова "Дунё бўйлаб" телеканалида рус тилида эфирга узатиладиган "Своими глазами" ҳамда "Актуально" дастурларини олиб борган.
ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Тошкентда 13 сентябрь куни “Дунё бўйлаб” телеканалининг 31 ёшли бошловчиси Рамина Ягафарова вафот этди. Бу ҳақда 14 сентябрь куни журналист Элмира Тухватуллина маълум қилди.
Бош прокуратура матбуот хизмати Ягафарова вафотини тасдиқлаган.
Маълумотларга кўра, 12 сентябрь кечқурун Рамина Ягафарова Чилонзор туманидаги хусусий клиникада даволанаётган онасининг ёнига келган. Журналист томоғи оғригани учун ўзининг ёнида бўлган левофлоксацин (антибиотик) дорисидан бир дона ичган. Орадан 10-15 дақиқа ўтиб эса унда тутқаноқ кузатилган ва ҳушини йўқотган.
Клиника шифокорлари унга биринчи ёрдам кўрсатган ва жонлантириш бўлимига ётқизилган. Муолажалари натижасида Ягафарова ҳушига келган, аҳволи яхшиланган.
Бироқ 13 сентябрь куни соат 16:00 ларда Ягафарованинг такроран тутқаноғи тутиб қолган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, унда соат 17:50 да биологик ўлим ҳолати қайд этилган.
Суд-тиббиёт экспертизаси маълумотларига кўра, журналистнинг ўлими “доридан аллергик реакция, бош мия ва ўпканинг ўткир шишиши, ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилиги, анафилактик шок” сабаб юзага келган.
Чилонзор тумани прокуратураси ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув ўтказмоқда.
Рамина Ягафарова "Дунё бўйлаб" телеканалида рус тилида эфирга узатиладиган "Своими глазами" ҳамда "Актуально" дастурларини олиб борган. У Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида талабаларга дарс берган, шунингдек, докторлик диссертацияси устида иш олиб бораётган эди.
Элмира Тухватуллинанинг айтишича, Рамина ўғли билан денгизга дам олишга боришни орзу қилган.
“Унинг каналимизга келганига кўп бўлмаганди, бироқ у жамоага жуда тез киришиб кетди ва унинг ажралмас қисмига айланганди", - дея ҳамкасбини хотирлаган Тухватуллина.
Янгиликлар лентаси
0