Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
12:12 14.09.2023 (янгиланди: 12:25 14.09.2023)
© Sputnik / Рамиз БахтияровЦентральный банк Узбекистана
© Sputnik / Рамиз Бахтияров
Oбуна бўлиш
Таъкидланишича, иқтисодиётдаги инфляцион жараёнлар бироз секинлашишига қарамасдан, айрим маҳсулот гуруҳлари нархларига оширувчи босимлар сақланиб қолмоқда
ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 14 сентябрдаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар қилди.
“Иқтисодиётдаги инфляцион жараёнлар бироз секинлашишига қарамасдан, айрим маҳсулот гуруҳлари нархларига оширувчи босимлар сақланиб қолмоқда. Жорий йилнинг август ойида инфляцион кутилмаларнинг ҳам ўсиши кузатилди”, - дейилган хабарда.
Регуляторга кўра, электр ва газ тарифларини аҳоли учун ўзгаришсиз қолдирилаётганлиги ҳисобига инфляцияга ушбу гуруҳдан бирламчи таъсирлар мавжуд бўлмайди. Бизнес субъектлари учун тарифлар оширилишининг иккиламчи таъсирлари инфляциянинг прогноз кўрсаткичларида инобатга олинган доирада бўлиши кутилмоқда.
"Амалдаги нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг давом эттирилиши даромадларнинг ўсиши таъсирида юзага келган ялпи талаб босимини ва инфляцияни оширувчи омилларни пасайтириш орқали инфляциянинг прогноз кўрсаткичларига эришишга хизмат қилади", — дейилади баёнотда.
Ёз ойлари бошидаги маълум пасайишдан сўнг август ойида йиллик инфляция 9 фоизга тенг бўлди. Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари гуруҳларида инфляциянинг деярли ўзгармаганлиги шароитида хизматлар соҳасида нархлар ўсишининг 8,2 фоиздан 8,5 фоизгача тезлашиши инфляция ошишининг омилларидан бўлди.
Базавий инфляция кутилганидан кўра секинроқ суръатда пасайиб, йиллик 10,7 фоизни ташкил этди.Таъкидланишича, айни пайтда базавий инфляциянинг пасаювчи тенденцияси барқарор тус олмоқда.
Аҳолининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари тренд йўналишини ўзгартириб, 14,2 фоизгача ортди. Тадбиркорлик субъектларининг кутилмаларида ҳам ўхшаш тенденция кузатилиб, 14,4 фоизга тенг бўлди. Респондентлар томонидан кутилмалар ўсишининг асосий омиллари сифатида валюта курси ўзгариши, ёқилғи ва энергия нархларининг ошиши каби омиллар таъкидланган.
Глобал инфляция, асосан, энергия ресурслари ва хомашёлар нархларининг барқарорлашуви таъсирида секинлашмоқда. Шу билан бирга, кўплаб мамлакатларда базавий инфляция сезиларли даражада юқори ва барқарор бўлиб қолмоқда. Меҳнат бозоридаги қатъийлик иш ҳақлари ошишига сабаб бўлиб, хизматлар соҳасида доимий инфляцион босимни юзага келтираётгани айтилган.
"Савдо ҳамкорлардаги иқтисодий вазият валюта курсларидаги девальвацион жараёнлар ва хомашёлар нархлари динамикаси таъсирида шаклланмоқда. Сўм алмашув курсининг август ойидаги тўғриланиши реал самарали алмашув курсида ҳам акс этиб, узоқ муддатли трендига қараб оға бошлади. Йил охиригача ушбу динамикани кескин ўзгартирувчи омиллар кутилмаяпти", — дейилган хабарда.
Жорий йилнинг январь-июль ойларидаги сўнгги статистик маълумотларга кўра, кўрсатилаётган хизматлар, саноат ишлаб чиқариш ва чакана савдо ҳажмида барқарор ўсиш кузатилди.
Иқтисодий фаолликнинг муқобил кўрсаткичлари иқтисодиётда ялпи талабнинг юқори суръатларда шаклланганлигини тасдиқлаётгани айтилади. Жорий йилнинг январь-август ойларида кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони 7,7 фоизга ошди. Иқтисодиётга кредит қўйилмаларининг йиллик 1,3 баробарга ўсиши ҳам иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлиб қолмоқда.
Нақд пул тушумларининг умумий ҳажми январь-август ойларида 30,4 фоизга, савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар 27,7 фоизга кўпайди. Шу билан бирга, трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми, 2021 йил кўрсаткичларига нисбатан сезиларли ўсишни сақлаган ҳолда, юқори база эффекти ҳисобига тескари тенденцияни намоён этиб, ўтган йилга нисбатан 32,4 фоизга пасайган.
"Марказий банк асосий ставкасининг ўзгаришсиз қолиши ва унинг пул бозорига трансмиссияси, қисқа муддатли ликвидлик нархининг реал ҳисобда 3−4 фоизлик ижобий даражада шаклланишига ва шу орқали „нисбатан қатъий“ пул-кредит шароитларини таъминлашга хизмат қилмоқда", — дейилади хабарда.
Ижобий реал фоиз ставкалари депозитлар бозорида фаолликни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. Август ойида аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 21,7 фоизни, юридик шахсларники эса 17,1 фоизни ташкил этди.
Натижада, 1 сентябрь ҳолатига миллий валютадаги муддатли депозитларнинг йиллик ўсиши 48,3 фоизга, шу жумладан, аҳоли омонатлари бўйича 53,5 фоизга тенг бўлди.
Жорий ички ва ташқи иқтисодий шароитларни ҳисобга олган ҳолда йил якунига қадар инфляция даражаси 8,5−9,5 фоизлик прогноз коридори доирасида бўлиши кутилмоқда.
Айни пайтда, фискал рағбатлантиришлар, даромадлар ва чакана кредитларнинг ўсиши таъсирида ялпи талабнинг янада ошиши прогноз даврида нархларга оширувчи омил сифатида қаралмоқда.
Август ойи инфляцион кутилмалари ва сезилган инфляциянинг юқори бўлганлиги ҳам нархларни шаклланиш жараёнлари кўп жиҳатдан жорий тенденциялардан келиб чиқаётганлиги ва прогноз кўрсаткич билан тўлиқ жиловланмаганлигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, чакана кредитлаш йўналишларида аҳолига ажратилаётган кредитлар ўсиш кўрсаткичларининг юқори бўлаётганлиги ушбу сегментда қарз юки ва ички талабга таъсири нуқтаи назаридан хавотирларни кучайтирмоқда.
"Асосий ставканинг жорий даражада ўзгаришсиз қолдирилиши, инфляциянинг йил якунига қадар прогноз доирасида шаклланиши учун зарур бўлган шароитларни яратиб боради ва нархларга монетар омилларнинг таъсирини олдини олиш учун зарурий чора ҳисобланади", - дея тушунтирган МБ.
Марказий банк пул-кредит шароитларининг ялпи талаб, нархлар ва инфляцион кутилмаларга таъсирини баҳолашда давом этади. Кўрилаётган чора-тадбирлар инфляциянинг прогноз коридори доирасида шаклланишини таъминлашга қаратилади.
Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 26 октябрга белгиланган.