Яшиллик, қулайлик ва тежамкорлик: Мирзиёев Янги Тошкентнинг бош режаси билан танишди
22:43 05.09.2023 (янгиланди: 11:31 06.09.2023)
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев ознакомился с генпланом Нового Ташкента
© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Янги Тошкент “ақлли” ва “боғ шаҳар” бўлиши назарда тутилмоқда. Бунинг учунг 420 гектар майдонда марказий боғ, сунъий каналлар ва кўллар ташкил этилади.
ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни "ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонасида Янги Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаси билан танишди.
Янги Тошкент учун Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан 19 минг 720 гектар ер танлаб олинган. Биринчи босқичда 2,5 минг гектарда 100 минг аҳоли учун уй-жойлар ва инфратузилма объектлари қуриш режалаштирилган.
"Лойиҳада яшиллик, қулайлик ва тежамкорликка алоҳида эътибор қаратилган, фаол иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаёт уйғунлаштирилган, транспорт тармоқлари пойтахтимиз билан оқилона боғланган", - дейилади хабарда.
Маъмурий марказда давлат идоралари, Янги Ўзбекистон университети, кутубхона, тарих музейи, маданият саройлари жойлашади. Шунингдек, шаҳарда ишбилармонлик ва инновация туманлари, таълим, тиббиёт ва туризм кластерлари бўлади.
Умуман айтганда, Янги Тошкент “ақлли” ва “боғ шаҳар” бўлиши назарда тутилмоқда. <...> 420 гектар майдонда марказий боғ, мавзелар орасида сунъий канал ва кўллар, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари бўйида сайилгоҳлар ташкил қилиниб, одамларнинг дам олиши учун сўлим шароитлар яратилади.
Янги Тошкент лойиҳаси Сингапур, Англия, Хитой, Германия, Туркия, Нидерландия, Жанубий Корея, БАА каби давлатларнинг 20 та илғор компанияси томонидан ишлаб чиқилмоқда.
"Ўттиз икки йиллик мустақил тарихимизда биринчи марта бундай шаҳар қураяпмиз, бунга дунёдаги илғор компанияларни жалб қилаяпмиз. Лекин биздаги соҳалар, стандартлар шунга мосми", - дея савол қўйди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, президент янги шаҳар лойиҳаси замонавий лойиҳалар билан ҳамоҳанг бўлиши, лойиҳани шошмасдан амалга ошириш зарурлиги в у келажак лойиҳалар учун "мактаб" бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Янги Тошкент лойиҳаси бўйича президент қарори 2023 йил 20 июлда қабул қилинган эди. Унга мувофиқ, Янги Тошкентни барпо этиш ишларини мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди ҳамда дирекция ташкил этилди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида бу лойиҳага масъул ўринбосар лавозими жорий қилинди.