Экспортёрларга енгиллик яратилмоқда: сенаторлар қонунни маъқуллади

© unsplash/Paul TeysenКонтейнерлар
Контейнерлар - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 24.08.2023
Oбуна бўлиш
Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши бевосита тадбиркорларнинг экспорт салоҳиятини ва ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Сенатнинг қирқ тўртинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига валютани тартибга солишга, ижара ва лизинг муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Муҳокама қилинган қонун тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришга, ижара ва лизинг соҳасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни самарали тартибга солишга қаратилган. Унда “Ижара тўғрисида”ги, “Лизинг тўғрисида”ги ҳамда “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
“Ижара тўғрисида”ги қонунга кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномасининг аниқ таърифи киритилиб, шартнома объектини тасарруф этиш ва гаровга қўйиш, шунингдек, ундирувга қаратишнинг ўзига хос хусусиятлари акс эттирилмоқда.
Қонун билан ижарага берувчи ўзига тегишли мол-мулкни кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномаси асосида ижарага берганда ижарага олувчи томонидан шартнома шартлари бажарилганидан сўнг тегишли мулкни ижарага олувчига мулк қилиб топшириш мажбуриятини олиши, ижарага олувчи эса ижара тўловларини шартномада белгиланган муддатларда тўлаш мажбуриятини олиши белгиланмоқда.
Шунингдек, “Лизинг тўғрисида”ги қонунга лизинг шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шартнома тузилган вақтдан эътиборан шартнома объекти лизинг берувчи томонидан мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун лизинг олувчида гаровга олинган ҳисобланиши тўғрисидаги қоида киритилмоқда.
Лизинг берувчи лизинг олувчининг розилигини олмай туриб, лизинг объектини бошқача тарзда тасарруф этиш ҳуқуқига эга эмаслиги белгиланмоқда.
“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга янги норма киритилиб, унга кўра, бир экспорт шартномаси доирасида жами етказиб берилган маҳсулот қийматининг 5 фоизидан ошмаган қисми бўйича хорижий валюта тушуми таъминланмаганлиги оқибатида вужудга келган муддати ўтган дебитор қарздорлик учун тадбиркорлик субъектларига нисбатан жарима қўлламаслик назарда тутилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши бевосита тадбиркорларнинг экспорт салоҳиятини ва ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг сенаторлар ушбу қонуннинг долзарблиги ва зарурлигини эътиборга олиб, уни маъқулладилар.
Янгиликлар лентаси
0