Мирзиёев тадбиркорларга алоҳида мурожаат билан чиқди
14:58 18.08.2023 (янгиланди: 15:00 18.08.2023)
© Пресс-служба президента УзбекистанаВстреча Шавката Мирзиёева с предпринимателями.
Oбуна бўлиш
Шавкат Мирзиёев: “хуфиёна иқтисодиёт” улушини карра-карра қисқартирамиз.
ТОШКЕНТ, 18 авг — Sputnik. Ўзбекистонда "хуфиёна иқтисодиёт” улуши қисқартирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давомида маълум қилди.
Қайд этилишича, мулоқот давомида президент тадбиркорларга алоҳида мурожаат билан чиқди.
Сўнгги етти йилдаги солиқ ислоҳотлари, тадбиркорларга берилган енгиллик ва имтиёзлар натижасида уларнинг ихтиёрида 120 триллион сўмдан зиёд маблағ қолди. Мана бугун ҳам жуда катта қулайликлар берилмоқда.
Таъкидланишича, халқда “қарс икки қўлдан чиқади”, деган гап бор. Ҳозирги кунда мамлакатда “хуфиёна иқтисодиёт”нинг улуши 40 фоиз атрофида.
"Биз тўғри ишлаётган, иш ўрни яратаётган, илғор технологиялар жорий қилиб, янги маҳсулотларни ўзлаштираётган, экспортини ошираётган бизнес вакиллари учун барча шароитларни қилиб беришга тайёрмиз. Лекин солиқлардан қочиб, ўзининг мажбуриятларини бажармасдан келаётган қўштирноқ ичидаги тадбиркорларга биз албатта муросасиз бўламиз. Шу боис тадбиркорларимиз ўзлари ҳам бош бўлиб, бундай “нопок” ишбилармонлар сафларида бўлишига йўл қўймаса, ўйлайманки, “хуфиёна иқтисодиёт” улушини карра-карра қисқартирамиз”, - деди давлат раҳбари.
Келгуси йиллар учун белгилаб олган режа ва дастурларимизни амалга ошириш осон бўлмаслиги, лекин ҳаёт синовларида тобланган, сўзида ҳам, ишида ҳам қатъий, мард ва ташаббускор тадбиркорларимиз бор экан, кўзланган марраларга албатта эришилишига ишонч билдирилди.
Айни пайтда давлат раҳбари тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда уларнинг фикр ва таклифларини тингламоқда.