Мирзиёев Ўзбекистон қурилиш соҳаси ходимларини табриклади

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 13.08.2023
Oбуна бўлиш
Таъкидланишича, ўтган етти йил давомида Ўзбекистонда қурилиш ишлари ҳажми бир неча баробар ортиб, 2016 йилдаги 30 триллион сўм ўрнига 2022 йилда 131 триллион сўмга етган.
ТОШКЕНТ, 13 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон қурилиш соҳаси ходимларини табриклади.
“Аввало, сиз, азизларни қутлуғ касб байрамингиз билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга самимий ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман. Эл-юртимиз сизлар каби минг-минглаб моҳир қурувчи ва муҳандислар, уста ва меъморларни, лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар вакилларини Янги Ўзбекистон равнақига муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонлар деб билади”, - дейди Мирзиёев.
Президентга кўра, қурилиш соҳаси ходимларининг меҳнати билан барпо этилаётган янги-янги турар-жойлар, ишлаб чиқариш объектлари, йўл ва коммуникация тармоқлари, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масканлари Ўзбекистон қиёфасини тубдан ўзгартириб, ўзбек халқи ҳаётининг янада обод ва фаровон, файзли бўлишига хизмат қилмоқда.
Таъкидланишича, ўтган етти йил давомида Ўзбекистонда қурилиш ишлари ҳажми бир неча баробар ортиб, 2016 йилдаги 30 триллион сўм ўрнига 2022 йилда 131 триллион сўмга, жорий йилнинг биринчи ярмида эса 68 триллион сўмга етгани Ўзбекистон бунёдкорлари қисқа даврда қандай катта йўлни босиб ўтганидан далолат беради.
“Бугунги кунда мамлакатимиз қурилиш соҳасида ҳам янги давр бошланди, десак, тўғри бўлади. Аввало, соҳанинг ҳуқуқий ва моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, республикамизнинг барча ҳудудларида илғор технология ва ёндашувлар асосида фаолият юритадиган янги-янги қурилиш ташкилотлари пайдо бўлаётгани, қурилиш материаллари индустрияси юқори суръатлар билан ривожланаётгани, малакали етук кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилгани шундай деб айтишга асос беради”, - деди президент.
Қайд этилишича, урбанизация бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш ҳамда 2023–2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурлари шакллантирилмоқда.
“Қурилиш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали қурилиш жараёнларининг барча босқичларида жамоатчилик назоратини кучайтириш, сифат ва самарадорликни ошириш, заҳматкаш қурувчиларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, уларни ҳар томонлама рағбатлантириш масалалари бундан буён ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлиб қолади”, - деди Мирзиёев.
Янгиликлар лентаси
0