Диверсия — ҳозирча заиф версия. Туркия дон омборидаги портлаш сабаблари ўрганилмоқда

Oбуна бўлиш
Туркия Дон кенгаши раҳбари айтишига кўра, қўпорувчилик ҳақида гапиришга ҳали эрта, портлаш сабабларини аниқлаш учун ҳар томонлама текширув олиб борилмоқда.
ТОШКЕНТ, 8 авг – Sputnik. Туркия расмийлари Деринже портида 7 август куни содир бўлган портлаш сабабларини ўрганмоқда. Диверсия истисно қилмаяпти, бироқ бу версия ҳозирча унчалик ишонарли кўринмайди, деди Туркия Дон кенгаши раҳбари Аҳмет Гулдал CNN Turk телеканалига.

"Бу порт ҳудуди ва хавфсизлик текширувидан ўтмаган, ҳеч ким у ерга кира олмайди: хоҳ давлат хизматчиси, ёки порт ходимими ё корхона эгаси бўладими. Албатта, версиялар ўрганиб чиқилади, лекин диверсия ҳозирча заиф версия деб баҳоланмоқда”, - дейди Гулдал.

Унинг таъкидлашича, қўпорувчилик ҳақида гапиришга ҳали эрта бўлса-да, портлаш сабабларини аниқлаш учун ҳар томонлама текширув олиб борилмоқда.

"Эҳтимол, бу ходимларнинг ноқонуний ҳаракатлари ёки диверсия бўладими — ҳаммасига баҳо берилади. Биз буни эътибордан четда қолдирмаймиз. Ҳаммаси экспертизалардан сўнг аниқланади", - дея хулоса қилди Туркия дон кенгаши раҳбари.

Деринже портида 7 август куни Туркия Дон кенгашига қарашли элеваторларда кемага дон юклаш вақтида портлаш содир бўлган эди. Шаҳар мэри Тоҳир Буюкакиннинг сўзларига кўра, 12 киши жароҳатланган, 16 та элеватордан 13 таси шикастланган. Кожаели вилояти губернатори Седдар Явузнинг сўзларига кўра, ушбу фавқулодда ҳолатга дон чанги портлаши сабаб бўлиши мумкин.
Янгиликлар лентаси
0