Ҳудудларда электр энергияси нега ўчириляпти – Энергетика вазирлиги сабабларини келтирди

© АО "Региональные электрические сети"Отключение электричества
Отключение электричества
 - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 01.08.2023
Oбуна бўлиш
Вазирлик “светни” ўчириб қўйишга мажбур қилаётган омилларни санаб ўтди.
ТОШКЕНТ, 1 авг — Sputnik. Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудида куннинг маълум вақтида юзага келган ёқилғи-энергетика соҳасида мураккаб вазият сабаб электр энергиясини узишга мажбур бўлинмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.
Июнь ойида жами 34,8 млн кВт·соат мажбурий чеклов киритилган бўлса, мазкур кўрсаткич июль ойининг ўтган 31 куни мобайнида 175 млн кВт·соатни ташкил қилди. Ёз фаслига ўтилганидан бери жами 210 млн кВт·соат мажбурий чеклов қўлланилган.
Вазирлик бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлаётганини маълум қилди.
Июнь ойида тизимда модернизация ва реконструкция ишларини хавфсиз олиб бориш мақсадида қатор ҳудудларда мақсадли ўчиришлар амалга оширилган. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг ҳудудий филиаллари ҳамда Энергетика вазирлигининг барча ижтимоий тармоқлардаги саҳифа ва каналлари орқали камида бир сутка олдин хабарлар эълон қилиб борилган.
Натижада биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 542 та трансформатор подстанцияси ва 592,36 километр электр узатиш тармоқлари мукаммал, 923 та трансформатор ҳамда 702,3 километр ҳаво тармоғи жорий таъмирланди.
Паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш дастурига мувофиқ 930,6 км паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда 228 та трансформатор пунктлари янгиланди.
"Сағбон", "Юнусобод", "Қўқон", "Карвон", "Қорасув", "Яланғоч", "Тузел" ва "Сергели-35" подстанцияларидаги 9 та кичик қувватли трансформатор катта қувватлисига алмаштирилди.
Айни пайтда ҳам “Yunusobod City”, “Tashkent City”, "Олмос", “Янги Ўзбекистон” ҳамда "Янгиҳаёт" индустриал зоналари учун подстанциялар қуриш ҳамда уларни электр энергияси билан таъминлаш учун янги электр узатиш тармоқларини бунёд қилиш ишлари давом этмоқда.
“Бу ишларни хавфсиз бажариш ва электр монтёрларнинг соғлиғи ҳамда ҳаётига туғилиши мумкин бўлган хатарларнинг олдини олиш мақсадида куннинг маълум вақтларида тегишли ҳудудлардаги истеъмолчилар электр таъминотидан вақтинча узиб қўйилмоқда”, - дейилган хабарда.
Июль ойида эса, асосан, республикада об-ҳавонинг ҳаддан ташқари исиб кетгани электр энергетикасини узлуксиз ҳамда йўқотишларсиз етказиб беришда қийинчилик туғдирмоқда.
“Мазкур ҳолат биргина Ўзбекистонга хос эмас. Бугун дунёнинг қарийб барча бурчагида аномал иссиқ ҳарорат ҳукм сурмоқда. Охирги ҳафталарда, айниқса, Ўрта Ер денгизи минтақасида, Америка Қўшма Штатлари жанубида ва Хитойнинг айрим ҳудудларида жазирама кузатилди. Греция ҳамда Жазоирдаги 40 даража иссиқ ўрмон ёнғинларига сабаб бўлди”, - дея тушунтирган вазирлик.
Кучли иссиқ ҳарорат эса совитиш мақсадида электр энергиясидан фойдаланишнинг каррасига ошишига олиб келмоқда. Натижада кабеллар куйиб кетяпти, трансформаторлар ишдан чиқмоқда. Авария оқибатларини бартараф этиш эса ҳам катта маблағ, ҳам кўп вақт йўқотилишига сабаб бўлаётир.
Авария юз бермаслиги учун эса бир нечта фидерларни тармоқдан мажбурий ўчириб қўйиб, қатор хонадонлар, бюджет ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларини вақтинча узиб туриш – энг мақбул чора. Бу кутилмаган авариявий ҳолатларнинг олдини олишга ҳамда маблағ ва вақт тежалишига хизмат қилади.
“Оддий айтганда, қайсидир ҳудудни қуёш тиғида ташқаридан, ортиқча юклама туфайли эса ичидан қизиб кетган кабелни совитиш мақсадида икки-уч соатга тармоқдан узиб туриш кейинчалик кабель ва трансформаторнинг ёниб кетиши ҳамда истеъмолчилар 10-12 соатлаб электр энергиясиз қолишларидан кўра афзалроқ ечимдир”, - дейилган хабарда.
Вазирлик “истеъмолчи ҳамиша ҳақ экани, узлуксиз ва барқарор электр энергияси билан таъминлаш мутасаддиларнинг бурчи” эканини тан олган.
Таъкидланишича, бу борада тизим ташкилотлари томонидан жуда катта ишлар қилиняпти. Хусусан, охирги пайтларда кунлик ишлаб чиқариш ўртача 107,8 фоизни, ойлик ишлаб чиқариш ўртача 106,2 фоизни, йиллик кўрсаткич эса 101,8 фоизни ташкил қиляпти.
Сўнгги кунларда бир қатор янги ишлаб чиқариш қувватлари – Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида қуввати 1500 МВт бўлган иссиқлик станциясининг 500 кВ кучланишли 2 та электр узатиш тармоғи, Бўстонлиқ туманида қуввати 200 кВт бўлган "Испайсой" микроГЭС ҳамда Яшнобод туманида 30 мингдан зиёд хонадонни электр энергияси билан таъминлайдиган янги "Олмос" подстанцияси ишга туширилди.
Вазирлик истеъмол ҳам шунга яраша бўлаётганини айтган. Масалан, бугунги кунда ўртача исеъмол кунига 11 200 МВтга тенг бўлмоқда. Ҳатто куннинг айрим пайтларида, асосан, иссиқ ҳарорат забтига олган чоғда электр энергияси сарфи ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажмига тенг, баъзан талаб ундан ҳам ортиб кетаётир.
Буни биргина июль ойининг ўзида суткалик истеъмолда икки марта рекорд кўрсаткичнинг қайд этилгани ҳам яққол тасдиқлайди. Хусусан, 12 июль куни республика бўйича жами истеъмол 247,5 млн кВт·соатни ташкил қилган бўлса, 26 июль куни 250,7 млн кВт·соатга етиб, суткалик рекорд яна бир карра янгиланди.
“Бундай вазиятда энергия тежамкорликка қатъий риоя қилиш, хонадонларда ҳам барча хонани эмас, атиги биттасини совитиш, ишлатилмаётган электр ускуналарини тармоқдан суғуриш, зарурат бўлмаган ҳолларда, айниқса, кундуз кунлари лампочкаларни ўчириб қўйиш энг мақбул йўлдир”, - дея тушунтирган Энергетика вазирлиги.
Вазирлик фуқаролардан бугунги аномал иссиқ шароитида Энергетика вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари тарафидан амалга оширилаётган мажбурий чораларни тўғри тушунишларини ҳамда қўллаб-қувватлашларини сўраган.
Янгиликлар лентаси
0