Онкология - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.01.2022
Бу қизиқ
Ушбу рукнимизда илм-фан, инсон соғлиги, фойдали ва зарарли озиқ-овқатлар, парҳез таомлар, шифокорлар маслаҳати ва бошқа барча учун қизиқарли маълумотлар бор.

Варикоз касаллиги нега хавфли

© Depositphotos.com / Predrag PaunovicШишиб кетган аёл оёқлари, архив сурат
Шишиб кетган аёл оёқлари, архив сурат - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.07.2023
Oбуна бўлиш
Вена қон томирлари организмда қон айланишини таъминлайди. Бироқ юза веналарининг кенгайиши, клапанларнинг яроқсизлиги ва веноз қон оқишининг бузилиши сабабли веналарнинг варикоз кенгайиши кузатилади.
ТОШКЕНТ, 30 июл — Sputnik. Қон-томир муаммолари бутун дунёда кенг тарқалган сурункали касалликлар сирасига киради. Айниқса, кейинги пайтларда кўпчилик инсонларда варикоз хасталиги тез-тез учрамоқда.
Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи Фазлитдин Баҳриддинов бунинг асосий сабаби, варикознинг келиб чиқишига қандай омиллар сабаб бўлиши ҳақида маълумот берди.
“Айрим кишилар варикозни фақат эстетик муаммо, деб ўйлайди. Бироқ бу касалликка ўз вақтида эътибор берилмаса, саломатлик учун жиддий хавф туғдириши мумкин”, — дейди мутахассис.
Таъкидланишича, мазкур хасталикка кўпроқ аёллар мойил бўлади. Бунинг асосий сабаби эса ҳомиладорликдир. Яъни уларда 25-45 ёшлар оралиғида варикоз кўп кузатилади. Қолаверса, эркаклар ҳам 45-50 ёшларда ушбу касалликка чалинишга мойил бўлади.
Маълумки, вена қон томирлари организмда қон айланишини таъминлайди. Бироқ юза веналарининг кенгайиши, клапанларнинг яроқсизлиги ва веноз қон оқишининг бузилиши сабабли веналарнинг варикоз кенгайиши кузатилади.
“Хасталикнинг келиб чиқишига ирсият, узоқ муддат тик оёқда туриш, ҳомиладорлик (бачадоннинг бошқа органларга кучли босими, қон томирларини сиқиши), семириш, бириктирувчи тўқиманинг туғма заифлиги, кам ҳаракатлик, гормонал дориларни қабул қилиш, гормонал ўзгаришлар, эндокрин касалликлар, юқори веноз босим, сурункали касалликларнинг ривожланиши каби бир қанча омиллар сабаб бўлиши мумкин”, - деди Баҳриддинов.
Веналарнинг варикоз кенгайишида бир неча босқич фарқланади.
Илк босқичда иш кунидан сўнг оёқларда оғирлик ва чарчоқ, кеч тушдан кейин тўпиқ, оёқ ва пастки оёқнинг шиши кузатилади. Бундай ҳолда барча аломатлар тунги дам олишдан сўнг ёки фаол юришдан кейин йўқолади.
Шунингдек, оёқларнинг тез толиқиши, болдир соҳасида веноз тугунчалар пайдо бўлиши, тик турганда веналарнинг бўртиб чиқиши, тери қичишиши ва экземасимон дерматит ҳамда бошқа қатор белгилар ривожланади.
Агар уларга ўз вақтида эътибор берилмаса, болдир соҳасида трофик яралар пайдо бўлиши, ўткир тромбофлебит, варикоз тугунининг ёрилиб қон кетиши, ҳатто, ўлим ҳолати кузатилиши мумкин.
Шифокор шу боис касалликнинг дастлабки аломатлари пайдо бўлганда дарҳол шифокорга (қон томир жарроҳига) мурожаат қилиш кераклигини айтди.
“Хасталикка чалинмаслик учун вазнни меъёрда сақлаш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, сурункали равишда жисмоний зўриқишдан ва узоқ вақт тик оёқда туришдан ҳимояланиш, тор кийим ва баланд пошнали пойабзал киймаслик тавсия этилади”, - дея хулоса қилди мутахассис.
Янгиликлар лентаси
0