Қорақалпоғистондаги ҳужжатсиз уй-жойларга мулк ҳуқуқи эътироф этилади

© Sputnik / Дильшода РахматоваНукус, архив сурат
Нукус, архив сурат - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.07.2023
Oбуна бўлиш
Фуқаро бу уй-жойдан 2018 йил 1 майгача бўлган даврдан бошлаб ўзиники каби узлуксиз фойдаланган бўлиши, сўнгги 5 йил учун солиқларни тўлаган бўлиши ва буни тасдиқлаши керак.
ТОШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. 28 июль куни “Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жисмоний шахслар томонидан қурилган уй-жойларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фуқароларнинг ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатларсиз қурилган уй-жойлари жойлашган ер участкасига ижара ҳуқуқи, унда жойлашган бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқи эътироф этилади.
Жумладан, бунинг учун фуқаро ушбу уй-жойдан 2018 йил 1 майгача бўлган даврдан бошлаб ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз фойдаланган бўлиши, ушбу ҳолат космик суратларни қайта ишлаш орқали ҳамда сўнгги 5 йил учун ер солиғи ва мол-мулк солиғи тўланганлиги билан тасдиқланган бўлиши лозим.
Ҳуқуқларни эътироф этиш халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарорлари билан тасдиқланадиган уй-жойлар рўйхатига мувофиқ Жўқорғи Кенгес қарори билан расмийлаштирилади.
Бунда талабгорлар ва (ёки) чегарадош ер участкалари эгалари ўртасида низо мавжуд бўлган ҳолларда, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарорлари низо бартараф этилганидан кейин қабул қилинади.
Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан қарорлар қабул қилиш ҳамда уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишнинг охирги муддати – 2024 йил 1 август ҳисобланади.
Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қарорлари тегишли адлия органида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилганидан кейин қабул қилинади ва расмий эълон қилинганидан кейин кучга киради.
Янгиликлар лентаси
0