Президент Фарғонада саноат ва инвестиция соҳаларини танқид қилди
08:36 28.07.2023 (янгиланди: 14:47 28.07.2023)
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев Фарғонада
© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Йил якунигача ҳар бир туман учун камида 100 миллион доллардан инвестиция жалб қилиш вазифаси қўйилди.
ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Фарғонага амалга оширилаётган ташрифи давомида вилоятда саноат ривожланиши ва инвестицияларни жалб қилишга оид ишлар билан яқиндан танишди.
Амалга оширилган лойиҳалар
Шавкат Мирзиёев “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида яқинда очилган “BNBM Building Materials Central Asia” корхонасига ташриф буюрди. Бу ерда турли хил гипсокартон ишлаб чиқарилади.
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев Фарғонада
Шавкат Мирзиёев Фарғонада
© Пресс-служба президента Узбекистана
Корхонага 30 миллион доллар тўғридан-тўғри хориж инвестицияси йўналтирилиб, йилига 30 миллион квадрат метр гипсокартон ва 4 миллион квадрат метр декоратив гипсокартон ишлаб чиқариш қуввати яратилди. 200 та янги иш ўрни яратилган.
Шу ерда Фарғона вилоятидаги янги мажмуаларни ишга тушириш маросими бўлди. Булар - Бешариқ туманидаги “Фарғона Ясин қурилиш моллари”, Учкўприк туманидаги “Моллис” ва “Прокер”, Риштон туманидаги “Чинор плюс – 2020”, Тошлоқ туманидаги “Экспо коллор прин текс”, Фарғона туманидаги “Баҳодир Лоғон текстил”, Ўзбекистон туманидаги “Цемент хомашё савдоси”, Қўштепа туманидаги “Глобал Текстайл Инфинити” корхоналари, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдам ҳамда кардиология илмий-амалий марказлари филиалларидир.
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев Фарғонада
Шавкат Мирзиёев Фарғонада
© Пресс-служба президента Узбекистана
Соҳадаги муаммолар
Шундан сўнг, Шавкат Мирзиёев раислигида инвестицияларни жалб этиш, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.
"Олдимизда ҳали етти йил бор, бу ишларни эртага ёки кейинги йилдан бошлаймиз, деган вазир ёки ҳоким қаттиқ адашади <...>" , - деди президент.
Президент тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича Фарғона вилоятидаги айрим туман ва шаҳарларнинг кўрсаткичлари қониқарсизлигини кўрсатиб ўтди.
Мисол учун, Фарғона шаҳрида ўтган йилнинг олти ойида бор-йўғи 25 миллион доллар инвестиция киритилган бўлса, жорий йилда ушбу рақам атиги 12 миллион долларни ташкил қилмоқда. Марғилон шаҳрида, Ўзбекистон, Боғдод, Тошлоқ туманларида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ўтган йилги кўрсаткичнинг ярмига ҳам етмайди.
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев Фарғонада
Шавкат Мирзиёев Фарғонада
© Пресс-служба президента Узбекистана
Бир пайтлар саноат бўйича пешқадамлардан бири бўлган Фарғона ҳозир республикада 12-ўринга тушиб қолгани кўрсатиб ўтилди. Саноат салоҳияти етарлича ишга солинмаяпти. Мисол учун, биринчи ярим йилликда саноат ҳажми Тошлоқда 17, Қўқонда 3 фоизга, Олтиариқда 1,3 фоизга ва Қувада 1,2 фоизга камайган.
Саноат зоналарида катта майдонлар бўш турганлиги, вилоятдаги 19 та туман ва шаҳар ҳокимлари уларни тадбиркорларга таклиф қилиб, мавжуд имкониятлардан фойдаланмаётгани танқид қилинди.
"Шунча бўш жойлар туриб, ҳокимлар саноат зоналари учун қишлоқ ерлари тоифасини ўзгартириш бўйича мурожаат қилишдан чарчамаяпти. Энг ачинарлиси, вилоятда ишлаб чиқариш бўлган давлат объектларини хусусийлаштириб, улар ўрнида якка тартибдаги уй-жойлар қуриб юбориш ҳолатлари бор", - деди давлат раҳбари
Бош прокуратура, Кадастр агентлигига бундай ҳолатларни текшириб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди. Бундан буён, саноат мақсадлари учун мўлжалланган ерлар тоифасини ўзгартириш бўйича қарорлар фақат Ҳукумат комиссияси розилиги билан амалга оширилиши белгиланди.
Фаолиятидаги жиддий камчиликлари, ишларни лозим даражада ташкил этмагани учун вилоят, шаҳар ва туманлар даражасидаги бир қатор раҳбарлар лавозимидан озод қилинди.
Инвестиция жалб қилиш
Вилоятнинг ишга солинмаган имкониятларини аниқлаш ва уларни рўёбга чиқариш бўйича ҳар бир туман ва шаҳарга республикадан масъуллар бириктирилган. Улар томонидан 2 миллиард долларлик қўшимча захиралар аниқланган ва тадбиркорлар билан учрашиб, лойиҳалар шакллантирилган.
"Агар ҳокимлар вақт ажратиб, тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг дардига қулоқ солса, ташаббусларини тингласа, вилоятдаги туманларнинг барчаси йил якунига қадар бемалол камида 100 миллион доллардан инвестиция жалб қилиши мумкин", - деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёв Қува ва Бешариқ туманлари мисолида ушбу имкониятларни кўрсатиб ўтди.
Президент Фарғонада бошланган ушбу тажрибани барча ҳудудларда йўлга қўйиш учун йил якунига қадар сафарбарлик эълон қилди. Ҳар бир туман учун йил якунигача камида 100 миллион доллардан инвестиция жалб қилиш вазифаси қўйилди.