Соғлиқни сақлаш вазири ёш олимларга 50 млн сўмдан пул мукофотлари берди — улар кимлар?
© пресс-служба МинздраваМинистр здравоохранения Амрилло Иноятов наградил молодых ученых, защитивших докторские диссертации до 30 лет
Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда 30 ёшгача докторлик диссертациясини ҳимоя қилган ёш тиббиёт олимларига 50 миллион сўмдан пул мукофоти ажратилди.
ТОШКЕНТ, 22 июл — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазири ёш олимларга 50 млн сўмдан пул мукофотлари берди, деб ёзмоқда вазирлик матбуот хизмати.
Айтилишича, 30 ёшгача докторлик диссертациясини ҳимоя қилган ёш тиббиёт олимларига 50 миллион сўмдан пул мукофоти ажратилди.
“Илм-фан ютуқлари ҳар бир соҳа учун муҳим. Айниқса, соғлиқни сақлаш тизимида бунга эҳтиёж жуда катта. Негаки, тиббиёт бўйича ихтиро ва кашфиётлар инсонлар ҳаётини асраб қолиш, умрини узайтириш ва саломатлигини тиклашга хизмат қилиши билан аҳамиятли”, дейилади хабарда.
Шу боис Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш ва соҳа олимларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида тизимда 30 ёшгача докторлик диссертациясини ҳимоя қилган олимларни тақдирлашга қарор қилди.
Улар қуйидагилар:
Муминов Даврон Кадирович— 1990 йилда туғилган. 2014 йили Тошкент тиббиёт академиясининг бакалавриат, 2017 йили Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг магистратура йўналишини тамомлаган. 2020 йилда тиббиёт фанлари бўйича номзодлик (PhD) ва 2021 йилда докторлик (DSc) диссертациясини ҳимоя қилган. Айни пайтда Тошкент педиатрия тиббиёт институтида доцент лавозимида фаолият юритмоқда.
Рашидов Рустам Абдурасул ўғли — 1992 йилда туғилган. 2014 йили Тошкент тиббиёт академиясини бакалавриат, 2017 йили магистратура йўналиши бўйича тамомлаган. 2018-2021 йиллар давомида “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендианти сифатида дунёдаги ТОП 100 талик рўйхатга кирган Жанубий Кореянинг Ёнсей университетида профессор Lee Jae Hoon раҳбарлигида PhD дастури бўйича таълим олиб қайтган. Рашидов ҳозирги кунда Тошкент давлат стоматология институти доценти лавозимида фаолият юритмоқда.
Хабилов Беҳзод Нигмон ўғли — 1993 йилда туғилган. 2016 йили стоматология йўналиши бўйича бакалавриат, 2018 йилда Тошкент давлат стоматология институтини магистратура йўналиши бўйича тамомлаган. 2020 йили тиббиёт фанлари бўйича номзодлик (PhD) ва 2022 йилда докторлик (DSc) диссертациясини ҳимоя қилган. Айни кунда Тошкент давлат стоматология институти Стоматология ва юз жарроҳлиги илмий-амалий маркази директорининг ўринбосари лавозимида фаолият юритмоқда.
Тожиев Феруз Ибодуллаевич — 1992 йили туғилган. 2015 йилда стоматология йўналишида бакалавриат, 2017 йилда болалар стоматологияси йўналишида клиник ординатурани тамомлаган. 2021 йил тиббиёт фанлари бўйича номзодлик (PhD) ҳамда 2023 йилда докторлик (DSc) диссертациясини ҳимоя қилган. Ҳозир Тошкент давлат стоматология институтида доцент лавозимида фаолият юритмоқда.