Жазирама иссиқда қандай жон сақлаш керак: ЖССТ тавсиялари

© Sputnik / Рамиз БахтияровТошкент, архив сурат
Тошкент, архив сурат - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.07.2023
Oбуна бўлиш
Организмнинг сувсизланишига йўл қўймаслик учун кунига етарли миқдорда суюқлик истеъмол қилиш жуда муҳим.
ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Таҳлилларга кўра, ўтган йили кузатилган аномал иссиқ ҳарорат Европада 60 000 нафардан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган. Бу — аввал прогноз қилинганидан уч баробар кўп кўрсаткич.
Хавотирли жиҳати, сайёрамизда глобал исиш жараёни давом этар экан, мазкур рақамлар йилдан йилга ортиши мумкин.
Шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Европа минтақавий бюроси жазирамадан сақланиш бўйича қуйидаги тавсияларини эълон қилди, деб хабар қилди Ўзбекистон ССВ.
Аномал ҳарорат кузатилаётган даврда иссиқ ўлкаларга саёҳат қилишдан аввал об-ҳаво прогнозидан хабардор бўлиб, эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда йўлга чиқиш зарур.
Жазирамада доим ёнингизда салқин сув олиб юришни унутманг. Зарурат бўлмаса, ҳарорат юқори соатларда кўчага чиқмаслик ва оғир жисмоний ишлар билан шуғулланмаслик керак.
Бундай вазиятда транспорт воситаларида болалар ва ҳайвонларни қолдириш тўғри эмас. Иложи бўлса, кундузи камида икки-уч соат давомида салқин жойда вақт ўтказган маъқул.
Тунда хона деразаларини очиш, кундузи офтоб нурини қайтариш учун хоналарга пардалар тутиш ва жарима кунларда имкон қадар ўзидан иссиқ чиқарувчи электр мосламаларидан камроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Организмнинг сувсизланишига йўл қўймаслик учун кунига етарли миқдорда суюқлик истеъмол қилиш жуда муҳим.
Мутахассислар, шунингдек, енгил, табиий матодан тикилган ва кенг либослар кийишни, имкон қадар тез-тез салқин душ ёки ванна қабул қилишни, шакарли, алкоголли ёки кофеинли ичимликлардан воз кечишни тавсия қилади.
Кўп вақтини ёлғиз ўтказадиган яқинлар, дўстлар ва қўшнилар соғлиғидан мунтазам хабардор бўлишни ёддан чиқармайлик. Чунки иссиқ кунларда заиф одамлар ёрдамга муҳтож бўлиши мумкин.
Аномал ҳарорат таъсирида ўзингиз ёки яқинларингизда бош айланиши, кўнгил айниши, ҳолсизлик, бош оғриғи каби аломатлар кузатилса, шифокорга учрашинг.
Агар атрофингиздаги инсонларда офтоб тиғи туфайли ноодатий белгилар, масалан, хушни йўқотиш, талваса, ақлдан озиш каби симптомлар юзага келса, дарҳол тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарур.
Янгиликлар лентаси
0