Танзила Нарбаева Туркия парламенти делегацияси нималарни муҳокама қилди
09:07 14.07.2023 (янгиланди: 13:36 14.07.2023)

© Пресс-служба Сената Олий Мажлиса
Oбуна бўлиш
Танзила Нарбаева Туркия республикаси парламенти Ташқи алоқалар қўмитаси раиси Фуат Октай бошчилигидаги делегацияси билан учрашди.
ТОШКЕНТ, 14 июл — Sputnik. Туркия Ўзбекистонни яқин даврда Туркий тилли давлатлар Парламент Ассамблеясининг тўлақонли аъзоси бўлишига умид боғламоқда. Бу ҳақда Туркия республикаси парламенти Ташқи алоқалар қўмитаси раиси Фуат Октай маълум қилди, дея хабар берди Сенат.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Туркия республикаси парламенти Ташқи алоқалар қўмитаси раиси Фуат Октай бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Танзила Нарбаева Туркия республикаси парламенти Ташқи алоқалар қўмитаси раиси Фуат Октай бошчилигидаги делегацияси билан учрашди
© Пресс-служба Сената Олий Мажлиса
Муҳокама этилган масалалар:
Олий Мажлиснинг Буюк Миллат Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи ва “Туркия – Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш;
Олий даражада эришилган келишувлар асосида қабул қилинган “йўл хариталари”да белгиланган вазифалар ижроси устидан тизимли парламент назоратини амалга ошириш.
Шунингдек, парламентларнинг тегишли қўмиталари ўртасида савдо, иқтисодиёт, инвестиция, инновация, банк-молия, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда мулоқотларни давом эттириш ҳар иккала мамлакат учун манфаатли эканига урғу берилди.

Туркия республикаси парламенти Ташқи алоқалар қўмитаси раиси Фуат Октай
© Пресс-служба Сената Олий Мажлиса
“Ўзбекистон ўлкаси барчамиз учун ягона туркий цивилизациянинг бош булоғи бўлиши билан бирга, бугунги кунда Марказий Осиё минтақасидаги тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда энг муҳим ташаббуслари билан марказий стратегик роль ўйнаётган давлат, деб биламиз. Давлатларимиз ўртасидаги турли йўналишлардаги алоқаларни ривожлантиришга оид парламентлараро ҳамкорлик қанчалик зич ва фаол бўлса, икки томонлама кенг қамровли мулоқотимиз натижалари шунчалик самарали ва бардавом бўлади”, деди Фуат Октай.
У шунингдек, Ўзбекистонни яқин даврда Туркий тилли давлатлар Парламент Ассамблеясининг тўлақонли аъзоси сифатида кўришга катта умид боғлашини қайд этди.