БМТ кенгаши Қуръонни таҳқирлашни қоралади
© Sputnik / Денис Абрамов
/ Oбуна бўлиш
Ҳужжатни ёқлаб, жумладан, Ўзбекистон овоз берган.
ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Инсон ҳуқуқлари кенгаши Қуръон ва бошқа муқаддас китобларни ёқиб юборишни қораловчи резолюция қабул қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
“Кенгаш сўнгги пайтларда оммавий равишда ва қасддан содир этилаётган Қуръони Каримни таҳқирлаш ҳаракатларини қоралайди ва қатъиян рад этади ҳамда диний адоват қўзғаётган ушбу шахсларни давлатларнинг халқаро инсон ҳуқуқларидан келиб чиқадиган қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортиш зарурлигини таъкидлайди”, — дейилади резолюцияда.
Ҳужжатни ёқлаб 28 та давлат овоз берган, 12 та давлат қарши чиққан. 7 та давлат эса бетараф қолган. Резолюцияни қўллаган мамлакатлар орасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Жазоир, Аргентина, Хитой, Ҳиндистон, Куба ва ЖАР каби мамлакатлар бор. Бельгия, Буюк Британия, Германия, Коста-Рика, Литва, Люксембург, Руминия, АҚШ, Финляндия, Франция, Черногория, Чехия қарши овоз берган.
БМТ давлатларни диний адоват ва зўравонликни қўзғатувчи ҳаракатлар учун жавобгарликка тортишга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган қонунларидаги бўшлиқларни аниқлаб, уларни қўллаш тизимини қайта кўриб чиқишга чақирган.