Мирзиёев: халқ ишончини оқлаш учун жонимни ҳам фидо қилишга тайёрман

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.07.2023
Oбуна бўлиш
Шавкат Мирзиёев 9 июль куни ўтказилган муддатидан илгари президент сайловида ғалаба қозонди.
ТОШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти этиб қайта сайланганидан кейин ўтказган илк йиғилишида халқнинг юксак ишончини оқлаш учун жонини ҳам беришга тайёрлигини таъкидлади.
Мирзиёев Ўзбекистон халқи 9 июль куни жуда катта сиёсий тадбирни юқори савияда, ёруғ юз билан ўтказганини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, Янгиланган Конституция асосида бўлиб ўтган сайловларда фуқаролар юксак уюшқоқлик кўрсатган. Ўзларининг сиёсий маданияти ва фаоллигини намоён қилган ва буни жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этган.
“Биз барчамиз Ўзбекистон деган қадимий, гўзал ва бетакрор юрт фарзандларимиз. Шу қутлуғ заминда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг бугунги ҳаёти, тақдири ва келажаги ҳам бир. Барчамиз учун Ватан ва халқ манфаатлари муқаддас ва энг устувор мақсаддир. Сайлов жараёнида ҳаммамиз учун муштарак бўлган ана шундай улуғ ғояларни етакчи ўринга қўйган барча номзодларга ўз ташаккурларимни айтаман”, - деди президент.
Давлат раҳбари сайловда фаол иштирок этган, ўзининг хоҳиш-иродаси, юксак сиёсий онги ва ҳуқуқий маданиятини яққол намоён этган, кенг кўламли демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб келаётган барча ватандошларимизга, бутун халққа самимий ҳурмат-эҳтиромини изҳор этди.
“Бор билим ва тажрибамни, куч-ғайратимни меҳнаткаш, мард ва олижаноб халқимизнинг менга билдирган юксак ишончини оқлаш учун сафарбар этишга, бу йўлда, керак бўлса, жонимни ҳам фидо қилишга тайёрман”, - деди Мирзиёев.
Президент сайловни юқори савияда ташкил этгани учун Марказий сайлов комиссиясига, тинчлик ва осойишталикни таъминлаётган ҳуқуқ-тартибот идораларига, шунингдек, сайлов жараёнларини холисона баҳолаб, ҳаққоний ёритаётгани учун маҳаллий ва хорижий кузатувчилар, журналистларга миннатдорлик билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайлови бўлиб ўтди. Унда сайловчиларнинг 87,05 фоиз овозини олган Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонди. Президент сайловида сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг қарийб 80 фоизи қатнашган.
Янгиликлар лентаси
0