Швецияда ўзбек алломаларининг қадимий қўлёзмалари топилди — улар мамлакатга қайтариладими?

© УзАЎзбек олимлари Швециядаги туркий қўлёзмаларни ўрганмоқда
Ўзбек олимлари Швециядаги туркий қўлёзмаларни ўрганмоқда - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 05.07.2023
Oбуна бўлиш
Қўлёзмалар орасида Алишер Навоий, Бобур, Фузулий, Сўфи Оллоёр, Машраб каби машҳур шоирлардан ташқари Ўзбекистонга номаълум бўлган шоирлар, таржимонларнинг ҳам асарлари мавжуд.
ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. Швецияда туркий халқларга тегишли 800 дан ортиқ қадимий қўлёзмалар топилди. Бу ҳақда Давлат жаҳон тиллари университети профессори Гулноза Халлиева маълум қилди, деб ёзмоқда ЎзА.
Давлат жаҳон тиллари университети профессори Гулноза Халлиева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Швецияга ташриф буюрди.
Қайд этилишича, Уппсала ва Лунд университетлари кутубхоналарида туркий халқларга оид 858 та (агар дубликатлари ҳисобга олинмаса, 500 дан ортиқ) тарихий қўлёзмалар мавжудлиги аниқланди.

“Улар орасида Алишер Навоий, Бобур, Фузулий, Сўфи Оллоёр, Машраб каби биз билган машҳур шоирлардан ташқари ҳали халқимизга номаълум бўлган шоирлар, таржимонларнинг ҳам қўлёзмалари мавжуд. Биргина Алишер Навоий қўлёзмаларининг ўзи 25 тани ташкил этади”, - деди Гулноза Халлиева.

Ушбу қўлёзмалар 19—20 асрларда швед миссионерлари фаолияти давомида тўпланган, сотиб олиниб, кейинчалик Лунд ва Уппсала университетлари кутубхоналарига совға қилинган.
Қўлёзмалар орасида Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган туркий қўлёзмалар ҳам мавжуд, дея қўшимча қилди у.

“Мен кўраётан туркий қўлёзмалар, уйғур қўлёзмалари деб аталган. Аслида улар орасида нафақат уйғур, балки қозоқ, турк, ўзбек ва бошқа тиллардаги манбалар ҳам бор. Қўлёзмалар яхши, қониқарли, ёмон ва қўлланишга яроқсиз каби тўрт тоифага ажратилган. Ёмон ва қўлланишга яроқсиз белгиси остидаги қўлёзмалар фойдаланишга берилмайди, уларни фақат пул тўлаб, рақамли вариантига буюртма бериш мумкин холос. Мен кўрган яхши ва қониқарли белгили қўлёзмалардан баъзилари ҳам таъмирталаб аҳволда. Албатта, уларни кўриб жуда ачиндим, авайлаб варақладим”, - деди у.

Айтилишича, Швеция кутубхоналарида сақланаётган ноёб дурдоналарни олимлар гуруҳи билан келиб, аввало тўлиқ реестрини тузиш, тавсифини яратиш, ҳаммасини яроқли ҳолга келтириб таъмирлаш, иложи бўлса Ўзбекистонга қайтариш мақсад қилинган.
Янгиликлар лентаси
0