Россия МДҲ талабалари стартаплари учун грант ажратди

© Sputnik / Ramil Sitdikov / Медиабанкка ўтишМГУ биноси. Архив сурат
МГУ биноси. Архив сурат - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.06.2023
Oбуна бўлиш
2023 йилда талабаларнинг 1500 та лойиҳаси молиялаштирилади, уларнинг ҳар бири 1 миллион рублдан грант олади.
МОСКВА, 28 июн — Sputnik. Россия инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ўтказилаётган “Студент Стартап” танлови ғолиблари ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун 1 миллион рублдан мукофот олади, деб хабар қилди Sputnik мухбирига Россия инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси матбуот хизмати.
Ўтган ҳафтада танловнинг 2023 йилги тўртинчи, финал босқичида иштирок этиш учун аризаларни қабул қилиш якунланди.
Бошловчи тадбиркорлар учун мўлжалланган “Студент Стартап” танловида Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон фуқаролари ва бошқалар иштирок этмоқда.
Лойиҳада энг кўп қозоғистонлик талабалар иштирок этган, улар топширган аризалар сони 21 тани ташкил қилади. Ўзбекистонлик талабалар 11 та ариза топширган. Тожикистон ва Қирғизистон - 3 тадан, Беларус ва Туркманистондан - 2 тадан талаба танловда иштирок этмоқда.
2023 йилда Россиянинг 29 та олий ўқув юртидан 6000 га яқин талаба танловга ариза топширди, жумладан, Санкт-Петербург давлат университети, Санкт-Петербург политехника университети, Москва физика-техника институти, КФУ, КНРТУ, ТУСУР ва ТПУ.
“2022 йилда Фонд мингта ғолибни аниқлади, уларнинг ҳар бири 1 миллион рублдан грант олди. 2023 йилда талабаларнинг 1500 та лойиҳаси молиялаштирилади”, — дейилади матбуот хизмати хабарида. Грант миқдори ўзгаришсиз қолди - 1 миллион рубль.
Танлов иштирокчилари аризалар кўриб чиқилгач, ўз лойиҳаларини юзма-юз мулоқотда ҳимоя қилади ва август ойида ғолиблар аниқланади. Ҳар бир ғолиб Инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан шартнома тузгач, юридик шахс ташкил этиши, ўз стартапи учун бизнес-режа ва веб-сайт ишлаб чиқиши ҳамда Фондга ривожланиш бўйича ҳисобот тақдим этиши керак бўлади.
Танлов иштирокчиларининг лойиҳалари олтита тематик йўналишни қамраб олади: рақамли технологиялардан тортиб ижодий соҳаларгача. Унинг асосий қисми рақамлаштириш, онлайн платформалар ва мобил иловаларни ишлаб чиқишга бағишланган.
Лойиҳаларнинг бир қисми соҳа учун янги қурилмалар ва тизимларни ишлаб чиқишга қаратилган бўлиб, креатив индустриялар соҳасидаги стартаплар, хусусан, кийим-кечакнинг янги бренди ва портатив динамик тизимини яратишни назарда тутади.
Талабалар стартапи танлови Инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан “Университетларнинг технологик тадбиркорлик платформаси” федерал лойиҳаси доирасида ўтказилади.
Янгиликлар лентаси
0