Тошкентда рўйхатдан ўтмаган аҳолига пулли хизмат кўрсатилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди

© Пресс-служба президента УзбекистанаУчтепа туманидаги 22-оилавий поликлиника, архив сурат
Учтепа туманидаги 22-оилавий поликлиника, архив сурат - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.06.2023
Oбуна бўлиш
ССВ оилавий поликлиникада рўйхатдан ўтмаган аҳолига пулли хизмат кўрсатилиши ҳақидаги хабарларни мутлақо асоссиз деб атади.
ТОШКЕНТ, 27 июн — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) Тошкент шаҳридаги поликлиникаларда рўйхатдан ўтмаган аҳолига пулли хизмат кўрсатилиши ҳақидаги хабарларни рад этди.
Таъкидланишича, 2023 йил 1 июль санасидан Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида давлат тиббий суғуртаси тизими механизмларини жорий этиш белгиланган.
Мазкур тизим ишга тушгач, фуқаролар давлат бюджети маблағлари доирасида кафолатланган тиббий хизматдан фойдаланиш имконига эга бўлади. Яъни электрон базага ҳар бир фуқаро (бемор)нинг шахсий маълумотлари, ташхиси, касалликлари, олган муолажалари ҳақида тўлиқ маълумотлар киритилиб, шифокор шу асосда беморни назоратга олади ва профилактика ҳамда даволаш чораларини кўради.
Қолаверса, беморлар дориларни электрон усулда ҳам олиши мумкин. Натижада оилавий поликлиникалардаги навбатларнинг олди олиниб, қатновлар сони камаяди.
ССВ хабарига кўра, сўнгги кунларда давлат тиббий суғуртаси механизмларининг моҳияти тўлиқ англаб етилмасдан жамоатчилик орасида "энди оилавий поликлиника хизматлари пулли бўлар экан" деган нотўғри тушунча пайдо бўлмоқда.

“Аввало шуни айтиш керакки, поликлиникада рўйхатдан ўтмаган аҳолига пулли хизматлар кўрсатилиши ҳақида интернетда тарқалган хабарлар мутлақо асоссиз. Норматив ҳужжатларга кўра, республиканинг барча фуқароларига давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар бепул тақдим этилади”, - дейилган хабарда.

Бунинг учун фуқаро эндиликда оилавий шифокор қабулига келган вақтда шахсий ҳужжатлари маълумотлари асосида бир марта идентификациядан ўтиши лозим. Яъни “Электрон поликлиника”га маълумотларни киритиш учун фуқаро шахсини тасдиқловчи хужжатни тақдим этиши зарур.
Вазирлик фуқаролардан агар телефон орқали кимдир ўзини оилавий поликлиника “ходими” дея таништирса ва улардан ўзи ҳамда оила аъзолари паспорти ва фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари нусхаларини интернет тармоғи орқали узатишни сўраса, буни рад этишни сўраган. Чунки оилавий поликлиника ходимлари тиббиёт муассасасига шахсан келишни сўрайди.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдам муассасаларига бириктириш вояга етган шахс томонидан амалга оширилади. Вояга етмаган шахсларни бириктириш унинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари томонидан бажарилади.
“Шу ўринда пойтахт аҳолисидан Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилиши муносабати билан ўзи ва оила аъзоларининг шахсий ҳужжатлари билан ҳудудий оилавий поликлиникаларга мурожаат қилишларини сўраймиз”, - дея хулоса қилган ССВ.
Янгиликлар лентаси
0