Онкология - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.01.2022
Бу қизиқ
Ушбу рукнимизда илм-фан, инсон соғлиги, фойдали ва зарарли озиқ-овқатлар, парҳез таомлар, шифокорлар маслаҳати ва бошқа барча учун қизиқарли маълумотлар бор.

Ёз мавсумида қон қуюқлашиши қанчалик хавфли?

© Sputnik / Максим Богодвид / Медиабанкка ўтишЭкспресс-тестирование на ВИЧ в Казани
Экспресс-тестирование на ВИЧ в Казани - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.06.2023
Oбуна бўлиш
Қон қуюқлашишига кўпинча қаттиқ асабийлашиш, қандли диабет, шунингдек ширинликлар, картошка, банан, тухум, газли ичимликлар, фаст-фуд ва турли қовурма таомлар сабаб бўлади.
ТОШКЕНТ, 25 июн — Sputnik. Жазирама иқлим шароитида қоннинг қуюқлашиб кетиши кўп учрайди. Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳолатга эътиборсиз бўлиш керак эмас. Қон таҳлиллари орқали унинг қуюқлашиб кетгани аниқ бўлгач, вақтида даволаниш зарур, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
“Қон – инсон тана аъзо ва тўқималарини кислород ҳамда зарур озуқа моддалари билан таъминловчи муҳим суюқлик. У инфекцияларга қарши курашиб, ички аъзолар фаолиятида иштирок этади”, — дейди Тошкент шаҳар тиббий маслаҳат диагностика маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Орифжон Арипов.
Таъкидланишича, қон қуюқлашиши организмдаги ана шу жараёнларнинг бузилишига олиб келади. Оқибатда яширин касалликлар юзага чиқиши ёки янгилари пайдо бўлиши мумкин.
Айрим ҳолларда хасталик ёки ташқи омиллар сабаб қон таркиби бузилади ва унинг керагидан ортиқ қуюқлашиб кетиши ёки, аксинча, суюқлашиши кузатилади. Унинг қуюқлашиши томирларда қон айланишининг бузилиши ва тромбозлар ҳосил бўлишига сабаб бўлади.
Айтилишича, бу, ўз навбатида, инсульт ва инфарктга чалиниш эҳтимолини орттиради. Қон таркибининг суюқлашиши эса қон кетиши, бемор танасида кўкариш ва қон талашлар пайдо бўлишига олиб келади. Икки ҳолатда ҳам тезда тиббий эҳтиёт чораларини кўриш зарур.
Қон қуюқлашишига кўпинча қаттиқ асабийлашиш, қандли диабет, шунингдек ширинликлар, картошка, банан, тухум, газли ичимликлар, фаст-фуд ва турли қовурма таомлар сабаб бўлади.
Қолаверса, бу ҳолат кам суюқлик ичиш, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ёки кескин пасайиши ва организмдаги айрим ўзгаришлар туфайли ҳам юзага келади.
Қайд этилишича, иссиқ кунда қон қуюқлашиши тананинг сувсизланишига боғлиқ. Иссиқ ҳавода тер билан организмдаги сув буғланиб кетади. Бу қоннинг қуюқлашиши, унинг айланма ҳаракати қийинлашиши ва тромб ҳосил бўлиш хавфи ортишига сабаб бўлади.
Натижада инсонда бош оғриғи, жиззакилик, тушкунлик, хотира пасайиши, ҳолсизлик, уйқучанлик, қўл ва оёқлар совқотиши, оғиз қуриши кузатилади.
Шунингдек, юрак тез уриши, нафас қисиши, тананинг турли қисмларида кўкаришлар пайдо бўлиши ва тирноқ шакли ўзгариши мумкин. Ҳатто мияга қон яхши етиб бормаса, бош айланиши, ҳушдан кетиш эҳтимоли ҳам мавжуд.
Бу салбий ҳолатлар эса томирларда қон айланишининг бузилиши ва тромбозлар ҳосил бўлганидан дарак беради. Оқибатда инсульт ва инфаркт хавфи ортади.
Таъкидланишича, иссиқ ҳавода қон қуюқлашишига йўл қўймаслик учун етарли миқдорда суюқлик ичиш зарур. Айнан сув энг яхшиси, газланган ичимликлар эмас. Шу билан бир қаторда, салқин ва кучли бўлмаган чой ичиш мумкин.
Қон ҳолатини текшириш учун шифокорга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ. Агар тиббий текширувлардан сўнг унинг қуюқлиги меъёрдан ортиқ экани маълум бўлса, зарур муолажалар тайинланади.
Бироқ қонни суюлтирувчи дори воситаларини ўзбошимчалик билан қабул қилиш мумкин эмас. Сабаби унинг ҳаддан ортиқ суюқлашиши жароҳатларда қоннинг тўхтамай қолишига олиб келади.
Янгиликлар лентаси
0