Маъмурий жарима миқдори ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан юқори бўлмайди

© Sputnik / Зафар ХалиловСўм, архив сурат
Сўм, архив сурат - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.06.2023
Oбуна бўлиш
Қонун билан қўлланиладиган жариманинг миқдори ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан юқори бўлиши мумкин эмаслиги борасида норма киритилмоқда.
ТОШКЕНТ, 22 июн — Sputnik. Ўзбекистон Сенатининг қирқ иккинчи ялпи мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Бу ҳақда парламентнинг юқори палатаси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ижро ҳужжати бўйича қарздор ундирилиши лозим бўлган қарздорликни ўз вақтида тўламаса, Мажбурий ижро бюроси томонидан қарздорга нисбатан маъмурий жарима қўлланилиши, ушбу жариманинг миқдори эса кодексга кўра фуқароларга нисбатан 300 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача, мансабдор шахсларга нисбатан 1,5 млн сўмдан 3 млн сўмгача белгиланиши мумкинлиги қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилган.
“150 минг сўм қарзни тўламаганлик учун 300 минг сўм жарима солиш – бу адолатдан эмас, албатта. Қолаверса, бундай амалиёт янги конституциявий қоидага, яъни фуқарога қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораси мутаносиблик принципига асосланиши ва етарли бўлиши кераклиги қоидасига мутлақо зид”, - деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.
Қонун билан қўлланиладиган жариманинг миқдори ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан юқори бўлиши мумкин эмаслиги борасида норма киритилмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198.1-моддасида (Қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этмаслиги) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда маъмурий жазо қўллашга эндиликда Ўзбекистон Бош давлат ижрочиси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бош давлат ижрочилари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ҳақли эканлиги белгиланмоқда.
Янгиликлар лентаси
0