Энди кимлар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олади? — рўйхат
© Depositphotos / Elnur AmikishiyevЮрист обсуждает с клиентом судебное дело
© Depositphotos / Elnur Amikishiyev
Oбуна бўлиш
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун жисмоний шахслар Адлия вазирлигига оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.
ТОШКЕНТ, 17 июн — Sputnik. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахслар доираси белгиланди. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган ЎРҚ–848-сонли қонунда назарда тутилган.
Қонунга мувофиқ, қуйидаги жисмоний шахслар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга:
кам таъминланган шахслар, агар улар:
фуқаролик ишлари бўйича даъвогарлар ёки жавобгарлар;
маъмурий ишлар бўйича аризачилар;
маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар;
жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчилар, шунингдек маҳкумлар бўлса;
руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахслар, уларга “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда;
ўз ҳуқуқлари бузилган, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда назарда тутилган хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахслар;
Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ жиноят иши бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлган тақдирда, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун жисмоний шахслар Адлия вазирлигига оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.
Ариза махсус ваколатли давлат органига келиб тушган кундан эътиборан 3 иш куни ичида кўриб чиқилади. Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган, жиноят ишлари бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлган ҳоллар ва муддатлар бундан мустасно.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар томонидан кўрсатилади.
Махсус ваколатли давлат органининг давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қарори ёки адвокат тайинлаш тўғрисидаги суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёхуд суднинг ажрими “Юридик ёрдам” ахборот тизимида рўйхатга олинганидан кейин тизим адвокатни автоматик равишда танлайди.
Адвокатга Ҳукумат томонидан белгиланадиган тартибда ва миқдорларда тўлов амалга оширилади.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.