Қўқон бозоридаги ёнғиндан зарар кўрган тадбиркорлар учун имтиёзли кредитлар ажратилади

© Sputnik / Зафар ХалиловСўм, архив сурат
Сўм, архив сурат - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 15.06.2023
Oбуна бўлиш
Президент ёнғиндан зарар кўрган барча тадбиркорларнинг кредит ва солиқ тўловлари муддати кечиктирилишини маълум қилди.
ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Қўқон шаҳридаги "Буюк Ипак йўли" бозорида содир бўлган ёнғинга муносабат билдирди.
“Қўқонлик тадбиркорларимиз хотиржам бўлсин, биз ҳеч кимни ўз ҳолига ташлаб қўймаймиз. Бу бозор узоғи билан бир ойда тўлиқ тиклаб берилади, бунга барча куч ва воситаларни сафарбар қиламиз. Ким қайси дўконда фаолият юритган бўлса, ўша ерда тадбиркорлигини давом эттиради”, - деди давлат раҳбари
Президентнинг сўзларига кўра, ёнғиндан зарар кўрган барча тадбиркорларнинг кредит ва солиқ тўловлари муддати кечиктирилади. Уларнинг қайтадан “оёққа туриб олишлари” учун айланма маблағ учун имтиёзли кредитлар ажратилади.
Ёнғин оқибатида бозорга туташ ҳудудларда зарар кўрган аҳоли хонадонлари тўлиқ таъмирлаб берилади.
“Умуман, етакчи лойиҳа ташкилотларини жалб қилиб, бозорларни замонавий, қулай, барча хавфсизлик талабларига жавоб берадиган савдо комплексларига айлантириш бўйича катта дастур қабул қиламиз”, — деди Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, 12 июнь куни кечки пайт Қўқондаги "Буюк Ипак йўли" бозорида йирик ёнғин содир бўлди. Ёнғинни ўчириш учун 4 соат вақт кетди. Юздан ортиқ тадбиркорнинг мол-мулкларига зарар етган.Бош прокуратура матбуот хизмати мазкур ёнғин бўйича Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Янгиликлар лентаси
0