Электр энергияси истеъмоли бўйича рекорд янгиланди — вазирлик

© Unsplash / dhahi alsaeediЭлектр узатиш тармоқлари, архив сурат
Электр узатиш тармоқлари, архив сурат - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.06.2023
Oбуна бўлиш
Электр энергиясининг энг юқори истеъмоли Тошкент шаҳрида кузатиляпти.
ТОШКЕНТ, 14 июн — Sputnik. Ғайритабиий иссиқ таъсирида Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли ҳажми бўйича рекорд кўрсаткичлар янгиланди.
Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 13 июнь куни мамлакатда жами 231,7 млн кВт/соат электр энергияси сарфланди. Бу миқдор июнь ойи учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Бундан бир йил муқаддам худди шу куни 202 млн кВт/соат электр энергияси ишлатилган бўлиб, ўсиш кўрсаткичи 14,7 фоизни ташкил қилмоқда.
14 июнь куни соат 11:00 га қадар эса соатлик эҳтиёж ҳажми 11 080 МВтни ташкил қилди. Бу эса 2022 йилнинг худди шу санасидаги ҳолат билан таққосланганда, 1600 МВт (15,4 фоиз) кўп электр токи сарфланган, деганидир. Ушбу қувват деярли тўртта буғ-газ қурилмасининг ёки иккита "Тўрақўрғон" ИЭСнинг қувватига тенг.
Таъкидланишича, рекорд қўйиш бугун ҳам давом этиб, 14 июнь санаси мобайнида суткалик электр энергияси истеъмоли 238-239 млн кВт/соатга етиши кутиляпти.
Мазкур рақам 2022 йилнинг мос даврида қайд этилган истеъмол миқдоридан қарийб 30 млн кВт/соат ёки 14,8 фоиз кўпдир.
2022 йилнинг июль ойида юз берган энг аномал иссиқ ҳароратли даврда ҳам максимал юклама 10 800 МВтдан, суткалик максимал истеъмол ҳажми эса 238,2 млн кВт/соатдан ошмаган эди.
Электр энергиясининг юқори истеъмоли, айниқса, Тошкент шаҳрида кузатиляпти. Масалан, 2021 йилнинг 13 июнь санасида пойтахт аҳолиси 7,6 млн кВт/соат ток ишлатган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилнинг худди шу кунида 17,08 млн кВт/соатни, бу йил эса 26,4 млн кВт/соатни ташкил қилган.
Айрим ҳудудларда тизим доирасида таъмирлаш ишларининг мунтазам олиб борилишига қарамасдан мавжуд барча электр станциялари томонидан етарли миқдорда электр энергияси ишлаб чиқариляпти. Бунинг учун барча имкониятлар яратилган, зарур миқдорда ёқилғи материаллари захираси қилинган, керакли мутахассислар, ишчи-ходимлар жалб этилган. Шунингдек, келишувларга асосан қўшни давлатлардан белгиланган ҳажмларда электр энергияси импорт қилиниб, ички истеъмолга йўналтириляпти.
Вазирлик хабарда ёзилишича, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб ҳам кескин ошади. Натижада электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламалар ортиши, тармоқда эса турли носозликлар келиб чиқиши табиий. Хусусан, аномал иссиқ электр тармоқларининг ўтказувчанлик қобилиятини ҳам 20 фоиз тушириб, тизимда йўқотишларни ҳосил қилиши мумкин.
Ортиқча юклама туфайли юзага келиши мумкин бўлган носозликларнинг олдини олиш мақсадида фуқаролардан электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланиш сўралган. Зарур бўлмаганда электр қурилмаларини тармоқдан узиб қўйиш кераклиги эслатилган.
Янгиликлар лентаси
0