Ҳунармандлар учун қатор енгилликлар берилади - тафсилотлар

© Пресс-служба Республиканской ассоциации "Ремесленник"Ҳунармандчилик маҳсулотлари, архив сурат
Ҳунармандчилик маҳсулотлари, архив сурат - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 13.06.2023
Oбуна бўлиш
"Янги Ўзбекистон" боғида Ҳунармандлар маскани барпо этилиб, ҳар бир ҳунармандга 100 квадрат метргача жойлар ижарага берилади.
ТОШКЕНТ, 13 июн — Sputnik. “Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, 2024 йил 1 мартгача Ҳунармандлар маскани барпо этилади ва ҳар бир ҳунармандга 100 квадрат метргача жойлар ижарага берилади.
Маскан “Янги Ўзбекистон” боғига туташ ҳудудда 0,3 гектар ер участкасида намойиш зали, “Уста-шогирд” мактаби ва устахонани ўз ичига олади.
Шунингдек, 2025 йил 1 январгача “Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги” ва “Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестри”га киритилган ҳунармандлар учун:
календарь йил давомида ҳунармандчилик маҳсулотларини (ишлар, хизматлар) реализация қилишдан тушган тушумнинг 100 миллион сўмдан ошган, бироқ 1 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдори бўйича айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилади;
товар белгиларини миллий рўйхатдан ўтказиш бепул амалга оширилади.
2023 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида касаначилик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга ажратилаётган маблағларнинг камида 70 фоизи ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси этиб қайта номланди ва 2023 йил 15 июндан ҳунармандчиликни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган субсидиялар рўйхати тасдиқланди.
2023 йил 1 июлдан ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилишда халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари сифатида жўнатиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ маҳсулот экспорт қийматининг (жўнатиш харажатларисиз) 50 фоизидан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади.
Қолаверса, давлат мулки бўлган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланиш учун фақат Миллий каталог ва Реестрга киритилган ҳунармандларга электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш тартиби жорий этилади.
Янгиликлар лентаси
0