Нукус воқеалари иши бўйича 8 нафар маҳкум озод этилди
17:18 05.06.2023 (янгиланди: 11:02 06.06.2023)
© Пресс-служба Верховного суда УзбекистанаНукус воқеалари иши бўйича 8 нафар маҳкум озод этилди
© Пресс-служба Верховного суда Узбекистана
Oбуна бўлиш
Шунингдек, 6 нафар судланувчига тайинланган жазо муддатлари ҳам қисқартирилди. Судланувчи Д. Таджимуратовга тайинланган жазо ўзгартирилмади.
ТОШКЕНТ, 5 июн — Sputnik. Олий судда 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликларга оид жиноят иши бўйича чиқарилган ҳукм устидан келтирилган шикоятлар кўриб чиқилди ва Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажрими эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
16 нафар судланувчи ва уларнинг ҳимоячилари ҳукм устидан шикоят қилган эди. Прокуратура томонидан эса ҳукмнинг 4 нафар судланувчига оид қисмига нисбатан протест келтирилган эди.
Олий суднинг 2023 йил 5 июндаги ажримига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси судининг ҳукми қуйидагича ўзгартирилди:
ҳукмнинг марҳум П. Шамшетовга жазо тайинлашга оид қисми бекор қилинди. Шу билан бирга вафот этган П. Шамшетовга тегишли бўлган Нукус шаҳридаги Ж. Сеитова кўчасида жойлашган 32-уй Жиноят-процессуал кодексининг 290-моддаси тартибида хатловдан чиқарилиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг 47 ва 65-моддалари қўлланилган ҳолда марҳумнинг меросхўрларига қайтарилиши белгиланди;
Б. Кадирбергенов, С. Медетов, Б. Сейтниязов, Қ. Сейтимов, П. Нурниязов, С. Калимов, Н. Султамуратов, А. Темирханов ва уларнинг ҳимоячилари томонидан берилган шикоятлар қаноатлантирилди.
Бунга кўра
Б. Кадирбергеновга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;
Б. Сейтниязовга тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 4 йил озодликни чеклаш жазосига;
С. Медетовга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;
Қ. Сейтимовга тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;
П. Нурниязовга тайинланган 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 4 йил озодликни чеклаш жазосига;
С. Калимовга тайинланган 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига;
Н. Султамуратовга тайинланган 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 3 йил озодликни чеклаш жазосига;
А. Темирхановга тайинланган 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилди.
"Уларнинг эҳтиёт чораси тариқасида қамоқда сақланган ҳар бир куни Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан озодликни чеклаш жазосининг бир кунига тенглаштирилиб, тайинланган жазодан чегирилиб, барчаси суд залида қамоқдан озод қилинди", - дейилган хабарда.
Д. Джиемуратов, Н. Найыпов, Р. Бекмуратов, С. Каипов, А. Токымбетов, А. Адилбеков ва уларнинг ҳимоячиларининг шикоятлари қисман қаноатлантирилди.
Бунга кўра
Д. Джиемуратовга тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 6 йил;
А. Токымбетовга тайинланган 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил 6 ой;
А. Адилбековга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил;
Н. Найыповга тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 4 йил;
Р. Бекмуратовга тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 6 йил;
С. Каиповга тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига келтирилди.
Биринчи инстанция суди ҳукмининг Л. Каллыханова, А. Турданов, А. Сметуллаев ва А. Нуратдиновга оид қисмига нисбатан келтирилган прокурор протести рад қилиниб, уларга тайинланган жазолар ўзгаришсиз қолдирилди.
Д. Тажимуратов ва унинг ҳимоячиларининг шикоятлари қаноатлантирилмасдан, суд ҳукмининг унга оид қисми эса ўзгаришсиз қолдирилди.
Шунингдек, суд Ўзбекистон Конституциясининг 47 ва 65-моддалари талабларини тўғридан-тўғри қўллаган ҳолда жиноят иши бўйича келтирилган зарарларни қоплаш мақсадида хатланган А. Турданов, А. Сметуллаев, Н. Найыпов, Р. Бекмуратов, С. Каипов, Қ. Сейтимов, А. Адилбековга тегишли мол-мулклар Жиноят-процессуал кодексининг 290-моддаси тартибида хатловдан чиқарилиб, эгаларига қайтарилиши белгиланди.
Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилди.