Энди ўзбекистонлик адвокатларга QR-кодли гувоҳнома берилади
© Depositphotos / Elnur AmikishiyevЮрист обсуждает с клиентом судебное дело
© Depositphotos / Elnur Amikishiyev
Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда адвокатлик гувоҳномасини бериш тартиби белгиланди.
ТОШКЕНТ, 2 июн — Sputnik. Энди ўзбекистонлик адвокатларга QR-кодли гувоҳнома берилади. Бу Ҳукуматнинг 226-сонли қарори билан тасдиқланган тегишли низомда назарда тутилган.
Ўзбекистонда адвокатлик гувоҳномасини бериш тартиби белгиланди. Низомга мувофиқ, адвокатлик гувоҳномаси адвокатлик тузилмаси рўйхатдан ўтказилган жой бўйича ҳудудий адлия органлари томонидан 10 йилга берилади.
Талабгор адвокатлик тузилмасига қабул қилингандан сўнг адвокатлик гувоҳномасини олиш учун аризани “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали электрон шаклда адлия органига юборади.
Адвокатлик гувоҳномасини бериш учун тўлов ундирилмайди.
Ариза юборилгандан сўнг 2 иш кунида адвокатлик гувоҳномаси берилади. Адвокатлик гувоҳномаси тайёр бўлиши билан талабгорга ахборот тизими орқали реал вақт режимида хабарнома юборилади.
Талабгорга адвокатлик гувоҳномасини бериш қуйидаги ҳолларда рад этилади:
талабгор адвокатлик тузилмасини ташкил этмаган ёки мавжуд адвокатлик тузилмаларидан бирига қабул қилинмаган бўлса;
талабгор адвокат қасамёдини қабул қилмаган бўлса.
Адвокатлик гувоҳномаси ундаги махсус QR-кодни сканерлаш имкони бўлмайдиган даражада яроқсиз ҳолга келганда ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Адвокатлик гувоҳномаси ундаги махсус QR-код (матрик штрихли код) тасвирини яроқсиз ҳолатга келишининг олдини олиш имкони берадиган технологияда тайёрланиши таъминланади.
Адвокатлик гувоҳномаси қуйидаги ҳолларда қайта расмийлаштирилади:
адвокатнинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарганда, унинг лицензияси қайта расмийлаштирилгандан сўнг;
адвокат бошқа адлия органи жойлашган ҳудудда рўйхатдан ўтган адвокатлик тузилмасига кирганда;
адвокатлик гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаганда;
адвокатлик гувоҳномаси йўқотилган ёхуд яроқсиз ҳолга келганда.
Ўзбекистон Конституциясига кўра, адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
Адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан монеликсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади. Адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади ва қонун билан муҳофаза қилинади.